Карантин даврида газчиларга 159 та мурожаат қилинди
Табиий газдан тўғри ва оқилона фойдаланиш истеъмолчининг мушкулини осон қилади. “Зангори олов”дан тўғри фойдаланишда газ ускуналари, жўмракларнинг созлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу пайтгача “Ҳудудгаз Самарқанд“ МЧЖнинг туман ва шаҳар филиалларида ишлаётган 104 қисқа телефон рақамига карантин даврида аҳоли томонидан табиий газ билан боғлиқ муаммолар юзасидан 159 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 31 таси «қизил» ҳудудга киритилган Пайариқ туманига тўғри келмоқда.
- Карантин вақтида барча қатори газ идоралари ходимлари ҳам карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда хизмат қилмоқда, - дейди “Пайариқ туман газ” филиали бошлиғи Исомиддин Қодиров. - Ўтган давр мобайнида тумангаз филиалининг авария-диспетчерлик хизматига карантинга олинган маҳаллалар томонидан газ ускуналаридаги носозликлар юзасидан 15 та мурожаат келиб тушди. Мазкур ҳудудлардаги камчиликлар чилангари Э.Аҳмедов томонидан бартараф этилди.
Газ ускуналаридаги носозликларни ўз вақтида тузатиш орқали ҳаёт учун хавфли бўлган турли оқибатларнинг олди олинади. Унинг акси бўлганда, турли кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин.
Кўп қаватли уй-жойлардаги газ плиталар, бошқа газ ускуналари мавжуд бўлмаганда, икки йилда бир марта, турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш ускуналари йилда бир марта ва ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал мутахассис кўригидан ўтказиш мажбурий қилиб белгилаб қўйилган. Бу газ тармоқларида учрайдиган турли авариялар ва талафотларнинг олдини олишга хизмат қилади.
- Айни кунларда вилоятда 282 311 хонадонга табиий газ етказиб берилаётган бўлса, суюлтирилган газга мослаштирилган истеъмолчилар сони 442 мингдан зиёдни ташкил этади, - дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ бўлим бошлиғи Салоҳиддин Маллаев. – Ўтган даврда мутахассисларимиз томонидан 2681 та хонадонлардаги газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатилди. Йил охиригача эса вилоятдаги барча табиий газ истеъмолчиларини қамраб олишни режалаштирганмиз.
Бахтигул ҚАРШИЕВА,
“Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ матбуот котиби.