Карантин Сизга нималарни ўргатди?

Аввало, ўтган ҳар бир кунимизга шукур қилишни. Ишдан чарчадим, қачон дам олиш бўлар экан, дея нолиган кунларимизни бугун соғинаётганимиз рост. Бугунги синовли кунларда ҳар куни ишга бориб, чарчаб келиш ҳам бахт эканлигини, ўтган ҳар бир кунимизга, бугунимизга шукур қилишимиз кераклигини ҳис қиляпмиз.

Бир-биримизни, яқинларимизни асраб-авайлашни. Тан олинг, иш, рўзғор сабаб баъзан ойлаб ота-онангиз, қариндошларингиз билан суҳбатлашмасдингиз. Ҳозир кунига улар ҳолидан хабар оляпсиз. Уйимизга яқин яшаса ҳам ҳафталаб онамизнинг суҳбатини олмасдик. Бугун вазият бошқа. Уларнинг эҳтиёт бўлишини, кўчага чиқмаслигини тайин этиб, ҳар тонг қўнғироқ қиласиз. Уларнинг саломатлигидан хавотир оласиз. Гарчанд, уларни кўришга вақтингиз бўлса-да, саломатлиги учун уларнинг олдига бора олмаяпсиз. “Карантин ўтсин, ҳар куни уларнинг ҳолидан хабар оламан”, деб ният қиляпсиз.

Фарзандларингиз қалбига қулоқ тутар экансиз, “Қизим (ўғлим) анча катта бўлибди. Биз иш, рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб, ҳатто фарзандларимиз улғайганини сезмай ҳам қолибмиз” деган ҳислар кўнглингиздан ўтаётган бўлса, ажабмас.

Ёшлигингизда ота-онангиз ҳафтада бир бор қўлингиздан тутиб, китоб дўконига, истироҳат боғига олиб боргани ёдингиздами? Шу сабаб китоб мутолаасига меҳрингиз ошганди. Фарзандим китоб ўқимайди, дейишдан олдин унга китоб совға қилишни ҳам унутмаслик кераклигини тушундик. Чунки кеча жавонда чанг босган китобни фарзандингиз олиб, уни мириқиб ўқиётганига бугун гувоҳсиз. Бугун улар билан суҳбатлашишга, уларнинг истакларига қулоқ солишга вақтимиз бор. Бу уларнинг келажаги учун жуда муҳим.

Исрофгарчиликларсиз ҳам яшаш мумкин. Кунига 3-4 марта кириб чиқадиган савдо дўконингизга бугун кунига бир, баъзан икки кунда бир киряпсиз. У ҳам зарур бўлган эҳтиёжлар учун. Демак, “мини-маркет”га кирмай яшаш ҳам мумкин экан.

Асосийси, тозаликка ўргандик. Тўғри, олдин ҳам тозаликка риоя қилардингиз, лекин бугун бу масъулиятга айланди. Уйдан чиқмай карантин қоидаларига риоя қилиш, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, хонадонимизни озода сақлаш яқинларимизнинг, жамиятимизнинг саломатлиги, касалликни енгиш учун жуда муҳим.

Насиба Жонтўраева.