Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими аралашгач, пенсия тайинланишдаги хатолик тузатилди
Фуқаро Арип Кадиров Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, ишлаган бир йиллик даври пенсия стажига ўтмасдан қолганлиги сабабли суд орқали бузилган ҳуқуқини тиклашга амалий ёрдам беришни сўраган.
Мурожаатга илова қилинган ҳужжатлардан кўринишича, А.Кадировга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан меҳнат стажи 39 йил 2 ойни ташкил этганлиги асос қилиниб, 2010-2014 йиллардаги 5 йиллик ўртача ойлик иш ҳақлари 1.007.643 сўмдан олиниб пенсия тайинланган.
А.Кадировга пенсия тайинланишида Самарқанд шаҳар идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб архивининг 2015 йил 23 февралдаги 22-к-сонли архив маълумотномасида 1977 йил иш ҳақи китобларида унинг фамилияси қайд этилмаганлиги баён этилганлиги сабабли пенсия тайинлашда ушбу давр иш стажига олинмаган.
Ҳақиқатдан ҳам Самарқанд шаҳар идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб архивининг 2015 йил 23 февралдаги маълумотномасида 1977 йил иш ҳақи китобларида А.Кадиров қайд этилмаганлиги баён этилган. Лекин А.Кадировнинг меҳнат дафтарчасида 1976 йил 16 июлда Самарқанд локомотив депосига тепловоз машинисти ёрдамчиси лавозимига қабул қилиниб, 1979 йил 1 октябрда бошқа ишга ўтганлиги сабабли бўшатилгани ёзилган. Аммо пенсия тайинлашда хатоликка йўл қўйилиб, архив маълумотномаси асос қилиниб, иш стажига қўшилмаган.
А.Кадировнинг аввалги мурожаати бўйича Каттақўрғон шаҳар томонидан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармасига тақдимнома киритилди. Унга тайинланган пенсия миқдорини қайтадан кўриб чиқиб, қонунга мувофиқлаштириш сўралди. Тақдимномага жавобан К.Ариповга тўғри пенсия тайинланганлиги асос қилиниб, қайтадан пенсия тайинланмади.
Юқоридагиларга кўра судга ариза билан мурожаат қилиниб, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими зиммасига А.Кадировни 1977 йилда Самарқанд локомотив депосида ишлаган даврини пенсия тайинлашда меҳнат дафтарчаси бўйича умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбуриятини юклатиш сўралди.
Каттақўрғон туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимининг аризаси қаноатлантирилди ва А.Кадировнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Алишер Маматов,
Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими бошлиғи.