Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги мурожаатчини нега излаяпти?
Мамлакатимизда амалда бўлган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши ва мурожаатнинг моҳияти баён этилиши керак. Юридик шахслар томонидан қилинадиган мурожаат талаблари ҳам шундай – шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт. Бундан мустасно вазиятларда мурожаат аноним (номи яширин, муаллифи номаълум) ҳисобланади.
Вилоят телерадиокомпаниясида ҳафтанинг якшанба кунлари туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари билан ўтказилаётган "Очиқ мулоқот" дастурида аҳоли томонидан билдирилаётган мурожаатларда қонун талабларига риоя қилинмаётган ҳолатлар учрамоқда. Бу эса мурожаат ижросини таъминлашда масъул идоралар ходимларининг чалғишига, сарсонгарчилигига сабаб бўлаётир.
Жумладан, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигидан таҳририятимизга юборилган хатда баён этилишича, 2018 йил 9 декабрда шаҳар ҳокими "Очиқ мулоқот" орқали халқнинг мурожаатларини тинглаши жараёнида шаҳарнинг Зиёлилар маҳалласидан Омонтош Бердиева, 23 декабрь санасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимовга эса ўзини Сафар Қодиров деб таништирган фуқаролар "Новвой қўшнилари табиий газ қувурларига турли сўргич мосламалар ўрнатиб олгани, бунинг оқибатида хонадонларга табиий газ меъёрида етиб бормаётгани, газ босимининг пастлиги"дан шикоят қилади.
Шаҳар ҳокимлиги вакиллари газ таъминоти идораси, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ҳамроҳлигида ушбу мурожаатлар жойида ўрганилганда иккала фуқаро ҳам кўрсатилган манзилда яшамаслиги, улар берган телефон рақамлари умуман бошқа шахсларга тегишли экани аниқланган.
Шаҳар ҳокимига Амир Темур маҳалласида яшовчи Азиза Жумаева номидан билдирилган мурожаатда "Каттақўрғон шаҳар педагогика коллежининг мактабгача таълим муассасалари тарбиячиси йўналишини тугатиб, иш топиш мақсадида бандлик марказига қилган мурожаати пайсалга солинаётгани" тўғрисида айтилади. Масала ўрганилганда А.Жумаеванинг ушбу маҳаллада рўйхатда эмаслиги, яшамаслиги маълум бўлган.
Яқинда Иштихон тумани ҳокими билан ўтказилган мулоқот жараёнида аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг аксариятида муаллифнинг исм-шарифини яшириши, манзилини айтмаслигига студияда туриб гувоҳ бўлдим. Бундан кўринадики, одамларда ҳалиям истиҳола, "Ҳудудимиздаги муаммо ҳақида гапириб қўйсам, туман раҳбарлари тазйиқига учрашим мумкин", деган ҳадик бор ёки улар мурожаат қилиш тартибларидан бехабар.
Бугун Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган "Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак" тамойили асосида жойлардаги бошқарув органлари мутасаддилари хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг дардини тинглаётган, сайёр қабуллар, очиқ мулоқотлар ўтказиб, маҳаллаларимиздаги камчилик ва масалаларга ечим изланаётган бир пайтда ёлғон хабару аноним мурожаатлар билан нуқсонни бартараф этиб бўлмайди.
Юртдошларимиз ўз мурожаатларида исм-шарифи, манзилини тўлиқ кўрсатса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Шу ўринда таклифимиз, ахборот технологиялари ривожланган асрда яшаётган эканмиз, вилоят телерадиокомпанияси "Очиқ мулоқот" кўрсатувининг аҳоли мурожаатлари учун ажратилган телефон аппаратларини замонга муносиб тарзда, кирув қўнғироқларини аниқлаш ва кўрсатиш мосламалари билан жиҳозлаши керак. Шунда мурожатчининг қайси рақамдан фойдалангани, манзил бўйича билдирилган масаланинг асосли ёки асоссизлигини аниқлаш имкони яратилади.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
«Зарафшон» мухбири.