Каттақўрғонда "ГАИ ходими" ва аёл ўртасида тортишув юзасидан расмий маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда "ГАИ ходими ва аёл ўртасида тортишув" сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалганди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати видеолавҳа юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 21 март куни соат 12:10 ларда Каттақўрғон тумани, Алишер Навоий кўчаси, бозор рўпарасида ЙПХ ходимлари М.Нурматов ва Ф.Давронов томонидан "Ваз-2102" русумли автомобиль тўхтатилган.
Ҳайдовчи меъёрий ҳужжатлари аёлида эканлигини маълум қилган. Ходимлар ўрнатилган тартиб асосида ҳайдовчига тушунтириш бериб, автомобиль жарима майдончасига жойланишини айтган.
Мулоқот вақтида бир аёл киши бозордан чиқиб, уларнинг олдига келган. Ходимларга ҳайдовчининг ҳужжатлари унда эканлигини айтиб, фақат кўрсатишини, лекин тақдим қилмаслигини маълум қилган. Ўзаро мулоқот низоли вазиятга айланишининг олдини олиш мақсадида ходимлар аёл кишига ҳужжатларни тақдим қилишини бир неча маротаба сўраган. Атрофга фуқаролар тўпланиб, низоли ҳолат юзага келишни бошлагани боис ходимлар ҳайдовчи ва ёнидаги аёл киши кетишига рухсат берган.
Видеолавҳадаги ҳолат юзасидан ҳозирда Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.