Каттақўрғонда Ўзбекистондаги энг катта ҳарбий полигон фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон Республикасидаги энг катта полигон – Марказий ҳарбий округга қарашли “Каттақўрғон” дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, ушбу дала-ўқув майдонининг очилиш маросимида Мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи, генерал-майор Павел Эргашев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Ойбек Саидов, “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тумандаги мактаб ўқувчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Дала-ўқув майдони чинакам маънода аскар академиясидир. Чунки полигонда ҳарбий хизматчи назарий билимларини амалий синовдан ўтказади. Шу боис Ватан ҳимоячиларининг ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёргарлигининг ошишида, жанговар шайлигининг ривож топишида полигонларнинг ўрни муҳим.

Тантанали маросимда сўз олган Мудофаа вазири дала-ўқув майдони қурилишида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга самимий миннатдорчилик билдирди. Бу каби поигонлар юртимиз ҳимояси учун бел боғлаган асл ўғлонлар учун малака ва тажриба орттириш майдони бўлишини таъкидлади.

Шундан сўнг полигон қурилишида ўзининг ватанпарварлигини, юртсеварлигини кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Мудофаа вазирлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, дала-ўқув майдони инфратузилмасини бунёд этган қурилиш ташкилотлари вакилларига эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир иштирокчилари замонавий дунё талабларига мос келадиган ўқув синфлари, тиббиёт пункти, ётоқхоналар, ошхона, спорт зали, маданият маркази ҳамда жанговар техникалар ва автомобиллар турар-жойлари, ошхоналарни кўздан кечиришди.

Ўзбекистондаги энг катта полигон чиндан ҳам дунё стандартларига тўла-тўкис жавоб беради. Унда бир вақтнинг ўзида барча турдаги жанговар техникаларни қўллаган ҳолда ўқув-машғулотарни олиб бориш имконияти яратилган.

Ҳарбий хизматчилар амалий ўқув машғулотларидан намуналар намойиш этишди.