Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонда солиқчининг ўлимига сабабчи бўлган икки нафар ЙПХ ходимига суд ҳукми ўқилди

Бугун, 3 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида судланувчилар М.Қўчқоров (Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Ш.Раҳимбердиев (Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани суди раиси И.Ғуломов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра М.Қўчқоров ва Ш.Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Судланувчилар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уларнинг ҳар бирига 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Ушбу жиноят иши бўйича жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилди.

Мазкур ҳукм устидан тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчилар ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти бериши ёки прокурор протест бериш ҳуқуқига эга эканликлари маълум қилинади.