Каттақўрғонда сохта МИБчиларнинг қилмиши ошкор бўлди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида икки шоввоз - газ таъминоти ҳудудий филиалига қарашли туманлараро 4-сон газ таъминоти участкаси чилангарлари Эркин ва Фарҳод (исмлар шартли) Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Таджиеванинг қулоғига “лағмон” илишди.

Аёлнинг хонадони 2014 йил март ойида табиий газ тармоғидан узиб қўйилганини билган чилангарлар уни қайта улаб бериш учун энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида пул ундиришади. Қизиғи, улар аёлга ўзларини «Мажбурий ижро бюроси ходими» деб таништиради. Аёлгина «МИБ»чиларнинг гапига ишониб, айтилган пулни пластик картасидан «Клик» орқали уларнинг картасига ўтказиб беради. Тушган 420 минг сўмдан 102 мингни туманлараро 4-сонли газ таъминоти участкаси туман ҳудуди кассасига тўлов қилган икковлон қолганини ўзаро тақсимлаб олади.

Наҳот уларнинг хатти-ҳаракати шубҳа уйғотмаган бўлса? “Қароқчилар” бундай шубҳага ўрин қолдиришмайди. Чунки улар тўловни нақд эмас, пластик картадан олади, газ ҳисоблаш ускунасини қиёсловдан ўтказиш учун рисоладагидек ечишади. Бундан ташқари, хонадонда ҳақиқатда фойдаланилмаган табиий газ учун 1 дона газ плита билан 2 дона иситиш печларининг йиллик кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномани ҳам тузади. Бунда аёлнинг содда ва ишонувчанлиги ҳам уларга асқотади.

Бироқ ёпилган қозон ёпиқлигича қолмади. Сохта МИБчиларнинг қилмиши ҳақиқий МИБ ходимлари томонидан фош этилди.

МИБ матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.