Кеча тест синовларининг иккинчи куни Самарқандда тўрт нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилоятида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун бешта очиқ майдонда тест синовлари бўлиб ўтмоқда.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz’га маълум қилишича, кеча имтиҳоннинг иккинчи куни биринчи навбатда қатнашиши керак бўлган 5460 нафар абитуриентдан 4859 нафари тест синовларида иштирок этган. Аммо 601 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган.

Шунингдек, биринчи навбатда бўлиб ўтган имтиҳон жараёнида бир нафар абитуриент ўринга ўрин киришга урингани, икки нафари телефондан фойдалангани сабабли тест синовларидан четлатилган.

Иккинчи навбатда қатнашиши керак бўлган абитуриентлардан 5078 нафари тест синовларига келган, 382 нафари турли сабабларга кўра қатнашмаган. Имтиҳон жараёнида бир нафар абитуриент телефондан фойдалангани туфайли тест синовларидан четлатилган.

Эслатиб ўтамиз: Тест синовларининг биринчи куни Самарқандда 10 нафар абитуриент тартиб-қоидани бузгани учун имтиҳондан четлатилган.
Вилоятда олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 10 кун, яъни 18 августга қадар давом этади.