Кичик саноат зоналари: Тадбиркор 10 йилдан сўнг бинони ўз мулкига айлантира оладими?

Ушбу саноат зоналари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан шакллантирилди ва кичик саноат зоналари дирекцияси ташкил этилди. Уларга жами 53 гектардан ортиқ майдондаги бўш турган бинолар ажратиб берилди. Хўш, ҳар бир туманда кичик саноат зоналарининг ташкил қилиниши нима беради ва уларнинг эркин иқтисодий зоналардан фарқи нимада?

– Кичик саноат зоналарининг ташкил этилиши чекка ҳудудларда ҳам ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш, бўш турган бинолардан фойдаланиш, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, импорт ўрнини босувчи экспортбоп товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган, – дейди вилоят кичик саноат зоналари сектор бошлиғи Олим Қўлдошев. – Бунинг учун эса фақат кичик саноат зонаси иштирокчиси бўлган тадбиркорларга хориждан замонавий ускуналар келтиришлари учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ долларигача имтиёзли кредит маблағлари берилади. Эркин иқтисодий зонада киритилган инвестиция миқдорига қараб имтиёзлар муддати белгиланса, кичик саноат зонасида 2 йиллик имтиёзлар қўлланилади. Агар тадбиркор шу вақт ичида ишлаб чиқарган маҳсулотининг 30 фоизини божхона идоралари орқали хорижга экспорт қилса, яна 2 йил муддатга имтиёз узайтирилади. Тадбиркор кичик саноат зонасидаги бўш турган бинони 10 йил муддат белгиланган тартибда ишлатса, кейин ўз мулки қилиб бериш имкониятлари ҳам яратилган. Ташаббускорлар томонидан кичик саноат зоналари маъмурий кенгашига дастлабки қиймати 42,5 миллион АҚШ доллари бўлган 74 та лойиҳа таклифлари топширган бўлса, улар орасидан энг мақбул деб топилган 45 та лойиҳа тасдиқланиб, қурилиш ишлари бошланди. Ушбу лойиҳалар тўлиқ ишга тушганда 1400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Хўш, бу имкониятлардан тадбиркорлар қандай фойдаланяпти? Бу саволга жавоб топиш мақсадида Самарқанд туманида бўлдик.

Бизга ҳамроҳ бўлган туман ҳокимлиги бош мутахассиси Фаёз Раҳматовнинг айтишича, Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станциясининг бўш турган гаражининг 1,25 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилган. Бу ерда топширилган жами 7 та лойиҳадан умумий қиймати 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги 3 та истиқболли лойиҳа танлаб олинди. Уларда қурилиш бўёғи ва қурилиш материаллари, лифт ва лифт жиҳозлари ишлаб чиқарилиши ва 118 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

– Биз кичик саноат зонасидаги 60 сотих майдонда 642 минг АҚШ долларилик қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширяпмиз, – дейди "Sam Maximum" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Ҳомидов. – Корхона ишга тушгач, йилига 1900 тоннага яқин шпатлевка, қуруқ қоришма, турли бўёқлар ва бошқа турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун Хитойдан 22 минг АҚШ долларилик замонавий ускуна келтирдик, 28 та доимий иш ўрни яратдик. Маҳсулотимизнинг 50 фоизини экспортга чиқаришни режалаштирганмиз. Ҳозирда қўшни тожикистонлик тадбиркорлар билан шартнома асосида дастлаб 32 тонна, кейинчалик ҳар ойда 130-140 тоннадан маҳсулот етказиб бериш бўйича келишувга эришганмиз.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.