Кимсасиз ер ости ўтиш йўлаги, жаримага тортилмаслик учун фарзандини ташлаб кетган она...
Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда ана шундай воқеаларнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин эди.
Йўл-транспорт ҳодисалари нисбатан кўп содир бўлаётган ҳудудларни ўрганиш, бунинг сабабларини муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакилларига бошқарма бошлиғи Шавкат Бойхўрозов ҳамда шаҳар инфраструктурасига масъул идора раҳбар ходимлари ҳамроҳлик қилди.
Биринчи манзил Самарқанд шаҳрининг энг муаммоли чорраҳаси ҳисобланган Даҳбед ва Рудакий кўчаларининг кесишмаси бўлди. Таъкидланганидек, ҳудуддаги бекатлар чорраҳага яқин жойлашганлиги сабабли унда транспортлар ҳаракати қийинлашмоқда. Жамоат транспорти ҳам, киракашлар ҳам шу бекатларга тўхтаб, йўловчи олишга ҳаракат қилади, оқибатда ҳудудда тартибсизлик юзага келади.
Рудакий кўчасини кесиб ўтган ер ости пиёдалар йўлаги ҳам лозим даражада фойдаланилмай келинмоқда. Тадбир иштирокчилари унинг ҳолатини кўздан кечирганда иншоотда ёритиш чироқлари йўқлиги, назоратсиз қолдирилган ҳожатхонадан бадбўй ҳид таралаётгани аниқ бўлди. Албатта, бундай муҳит ҳеч кимга ёқмайди. Оқибатда пиёдалар зимистон, бадбўй йўлакка тушишдан кўра, кўчани белгиланмаган жойидан кесиб ўтишни маъқул кўрмоқда. Унга кириш қисми эса киракашлар томонидан автотураргоҳ сифатида эгаллаб олинган.
Ш.Бойхўрозовга кўра, шаҳар ҳокимлигига мазкур ҳудуд ва шаҳарнинг бошқа кўчаларидаги муаммоларни бартараф этиш ва йўл ҳаракати қатнашчиларига хавфсиз шароит яратиш бўйича тақдимномалар киритиб борилмоқда. Шунингдек, янги лойиҳалар ўрганилиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифлар берилмоқда.
Кейинги манзил - Сиёб деҳқон бозорига олиб борувчи кўприк остидаги вазият бошқачароқ. Бунда йўловчиларга кўприк устидан ўтиш учун зарур шароитлар яратилган, унинг остидаги кўчанинг икки қатнов қисми эса темир панжаралар билан тўсилган. Шундай бўлса-да, пиёдалар хавфсиз йўлдан юрмай, темир панжараларни хатлаб ўтмоқда. Бунга ўша жойда гувоҳ ҳам бўлдик. Жумладан, бир аёл икки фарзандини панжаралар орасидан ўтказиб, ўзи ўтишга улгурмай ички ишлар идоралари ходимларини кўриб қолди ва болаларини шу ерда қолдириб, йўлнинг белгиланган жойидан айланиб келди. Бу қандай масъулиятсизлик? 150-200 метр кўпроқ юрмаслик учун болаларнинг ҳаётини хавф остига қўйишгача бораётган эканмиз, вазият жуда ёмон.
Биз шу ердалигимизда атрофда йиғилганлар орасида темир панжараларни олиб ташлаш кераклиги, масъуллар атай одамларнинг ҳаракатланишини қийинлаштирганини айтиб бақирганлар бўлди. Кузатиб билдикки, бу “фаол”ларнинг асосий қисми шу ердаги сотувчи ва киракашлар. Уларга бир йилда нечта бола йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлаётгани, қанча одам майиб-мажруҳ бўлаётгани қизиқ эмас, асосийси даромадни ошириш.
— Бу тадбирдан мақсад йўллардаги хавфсизликни таъминлаш фақат бизга боғлиқ эмаслигини, жараёнда ҳамкорлик зарурлигини тушунтириш, - дейди Ш.Бойхўрозов. – Ҳозир вилоят бўйича 284 нафар пост-патруль хизмати ходими хизматни олиб бормоқда. Ҳолбуки, маҳаллаларимизнинг ўзи мингдан ортиқ, кўчалар эса ундан ҳам кўп. Бир сўз билан айтганда, биз ҳамма нарсани назорат қила олмаймиз. Қолаверса, фақат жазолаш орқали керакли натижага эришиш қийин. Муаммони жойларда зарур инфратузилмани яратиш, камчиликларни тўғрилаш ҳамда энг муҳими – жамоатчиликда йўлларда ҳаракатланиш маданиятини шакллантириш орқалигина ҳал қилиш мумкин. Бунга эришсак, назоратга талаб камаяди. Мисол учун, Германияда шундай тажриба қўлланилади. Албатта, бу жараён самарадорлиги кўп жиҳатдан журналист ва блогерларнинг фаоллигига боғлиқ. Биз ўз навбатида улар билан яқин ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз.
Маълумотларга кўра, Самарқанддаги илк светофор 1950 йилда ўрнатилган. Орадан 74 йил ўтиб ҳам унга амал қилишни ўрганмаганлигимиз, қоидаларни писанд қилмаслигимиз, қолаверса, туризм шаҳри бўлган Самарқандда ҳайдовчию пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур инфратузилманинг етарли эмаслиги ачинарли ҳол.
Пресс-тур якунланди, лекин биз бу мавзуга ҳали қайтамиз.
Асқар БАРОТОВ.