Китоб орқали дунёни кашф этамиз

Вилоят болалар кутубхонаси жамоаси томонидан ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида ушбу шиор остида бир неча адабий-бадиий тадбирлар ўтказилди.

- Ҳар бир ота-она фарзандининг таълим-тарбияли, одоб-ахлоқли, баркамол бўлиб вояга етишини орзу қилади ва шунга интилади, - дейди кутубхона директори Юсуф Муҳаммадиев. – Айни пайтда ёш боланинг қўлига қизиқарли эртак китобларни тутқазган, ўзбек ва жаҳон адабиёти вакилларининг энг сара асарларини  биргаликда мутолаа қилишга истак ва фурсат топган ота-онагина ўша эзгу мақсадига эришади.

Самарқанд шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактабида “Бошимизда офтоб бор, қўлимизда китоб бор” шиори остида китобхонлик тадбири, 70-мактабда шоира Раъно Одилованинг “Кумуш теракзор” китобининг тақдимотлари ўтказилди.

“Оммавий китобхонлик ҳафталиги” доирасида вилоят болалар кутубхонаси томонидан ёшлар ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантириш, ушбу йўналишда тарғибот-ташвиқот ўтказиш, таниқли шоир ва ёзувчилар иштирокида уларнинг асарларига бағишланган тадбирлар ўтказилди. “Ўсмир китобхонлиги ва замонавий дунё”, “Адабий ринг” ва “Адабий ўйин”, “Ўқилган китоблардан севимли персонажлар”, “Мен ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган китоб” кабилар шулар жумласидандир. Бунда Самарқанд шаҳридаги бир қатор мактаб ўқувчи-ёшлари фаол иштирок этди. Кутубхона ходимларининг шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижоди, турли бадиий адабиётларга оид, шунингдек, ўзбек халқ мақоллари иштирокида тузган саволларига жавоб беришди. “Менинг севимли ўйинчоғим” маҳорат дарсида эса ўқувчилар ўзлари тиккан юмшоқ ўйинчоқларни намойиш қилди. “Олам ҳақида бир олам китоб” номли мульти-медиа тақдимотида ўқувчилар китобнинг яралиш тарихи, унинг аҳамияти, жаҳонга машҳур илмий, бадиий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар ҳақида тушунча олишди.

- Ўқиш-ўрганишга чанқоқ бўлган болалик дамларимизда билим олиш, мутолаа қилиш учун маъно-мазмунли бир китоб топа олмасдик, -дейди “Маданият” маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Музаффар Эркаев. – Топганимизда эса навбат кутиб, алмашиб ўқиб, маънавий эҳтиёжимизни қондирардик. Ота-она ва устозларимизга қандай савол билан мурожаат қилсак, улар барча жумбоқни китобдан ечимини ахтаришга ундарди, шунга қизиқтирарди. Бугун имкониятлар кенг, китобхонликка эътибор ҳам ўзгача. Фақат фарзанду нибираларимизни телевидение, интернет, компьютерларга боғланиб қолишининг олдини олиб, китоб ўқишга жалб қилолсак бас.

“Оммавий китобхонлик ҳафталиги” якунида “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Энг яхши китобхон синф”, “Энг яхши китобхон мактаб”, “Энг яхши китобхона оила” каби номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар  аниқланиб, кутубхонанинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ориф Холиқулов.