Кўнглимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда
Таниқли шоир Маъруф Жалил ҳаёт бўлганида бугун 87 ёшга тўларди.
Маъруф Жалил 1936 йил 10 октябрда Каттақўрғон туманидаги Пайшанба шаҳарчасида туғилган. 1966 йилда ТошДУнинг филология факультетини тугатган.
«Мен сизни севардим», «Раҳмат, одамлар» (1970), «Сени ўйлаб» (1973), «Нотаниш йўллар» (1976), «Қўшиқ иштиёқи» (1979), «Мен сув ичган дарёлар» (1981), «Паризодим» (1984), «Дарёни излар шамол» (1987), «Бахтимга сен борсан» (1989) каби шеърий китоблари, «Бунёдкор қалб» (1984), «Орол мадад сўрайди» (1987) очерк ва публицистик тўпламлари чоп этилган.
Маъруф Жалил 1999 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
2004 йил 14 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
***
СЕН БЎЛМАСАНГ ЁНИМДА
Боғларда тароват йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Тоғларда салобат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Оламда нафосат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда,
Кўнглимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Жонимда итоат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Қайси куни, эй дилбар, қайда менга сўз бердинг,
Ақлимни олиб қандай, кўнглимга қачон кирдинг,
Сен лафзи кароматми ё субҳи сабо эрдинг?
Кел, ўзни намоён қил, пинҳона мени кўрдинг,
Бир лаҳза қаноат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Кундуз куни офтобим кўнглимга қадам қўймас,
Тунда тўлин ойимни абр отли ситам қўймас.
Гоҳи эзилиб ёмғир, эгнимни шинам қўймас,
Эркин нафас олмоққа йўлларда алам қўймас,
Ўйимда ҳаловат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Йўлда адашиб юрган бола кабидир ҳолим,
Мажнун дилидан чиққан нола кабидир ҳолим,
Арқонга мадад бўлмас тола кабидир ҳолим,
Оҳу кўзида битган вола кабидир ҳолим,
Умиди саодат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Тунни уладим тонгга васлингга тўярман деб,
Ғам лашкарини сабрим тиғи-ла сўярман деб,
Сўнг қатли ғамим қонин кўз ёш-ла юварман деб,
Ғурбатдаги бошимни тиззангга қўярман деб,
Умримда фароғат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Балки топарман ёзда, эҳтимол қиш топмасам,
Кўнглим ўрнига тушмас, эрта ё кеч топмасам.
Остин-устун қилурман дунёни ҳеч топмасам,
Қаламим қилич бўлар, агар қилич топмасам,
Умримда давомат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
Ўлкамга баҳор янглиғ уйғониш олиб келган,
Ҳикмат тўла дарёдай ҳайратга солиб келган,
Иқбол йўли кўп оғир, майлига, толиб келган,
Маъруф каби тўйларга ноғора чалиб келган,
Шеъримда ҳарорат йўқ, сен бўлмасанг ёнимда.
* * *
Нетай, сен эл аро афсона бўлсанг,
Менам ёлғиз, сенам бир дона бўлсанг.
Мени соғ деб ичингда чекма озор,
Менам девонаман девона бўлсанг.
Неча кунки шинам уй излар эдим,
Мени бағрингта олгин хона бўлсанг.
Хусумат қўлини ажрат ёқамдан,
Агарда ярқироқ пешона бўлсанг.
Олиб Зуҳра каби ошкор қилурман,
Одамлар ичра сен пинҳона бўлсанг.
Ҳамон сўзим етиб бормас дилингга,
Наҳотки шунчалар бегона бўлсанг?!
***
Суратда: (чапдан) самарқандлик ижодкорлар, халқаро журналист Шуҳрат Умиров, шоир ва журналист Ўктам Мирзаёр ва Маъруф Жалил.