Кўп қаватли уйлар лифтларидаги камчилик қачон бартараф этилади?
Бу саволга мукаммал жавоб топиш ва муаммони ечиш, шунингдек, шу пайтгача ишлаб келган ва янги қурилган уйларга ўрнатилган лифтлардаги камчиликларни ҳал қилиш мақсадида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида йиғилиш бўлиб ўтди.
Кўп қаватли уйларни қурган хусусий қурилиш ташкилотлари раҳбарлари ҳамда бу уйларга лифт ўрнатишга масъул бўлган “LIFT GROUP” МЧЖ раҳбарлари иштирокида ўтган тадбирда бошқарма бошлиғи Б.Негматов кўп қаватли уйларга ўрнатилган лифтларнинг носозлиги туфайли аҳолига етказилаётган ноқулайликларни бартараф этиш лозимлигини таъкидлади.
Таъкидланишича, Самарқанд шаҳрининг Рудакий кўчасидаги 175, 78, 187, 107, 149 А, 179 А, 105, 85 каби ўндан зиёд кўп қаватли уйларга ўрнатилган лифтлар мунтазам бузилади, Гагарин кўчасидаги 60 а ва 60 Б, Нарпай кўчасидаги 59, Беруний кўчасидаги 20 А, Ислоҳот кўчасидаги 15- уйлардаги лифтлар носоз ҳолда ўрнатилган, Туркистон, Амур Темур кўчалари, Сартепа масканидаги уйлардаги лифт ускуналари носоз, уларга тегишли техник ҳужжатлар олинмаган, ускуналар яроқсиз ҳолатда.
Шунингдек, айрим қурилиш ташкилотларининг лифтлар ўрнатиш борасида шартнома имзолаганларига қарамасдан лифтлар тўлиқ ишга туширилмаган. Қурувчи ташкилотлари раҳбарлари тўрт-беш йилдан буён турли важларни баҳона қилиб, аҳолини мунтазам алдаб, улардан тушган мурожаатларни эътиборсиз қолдирган.
Йиғилишда “Lift group” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Каримов икки ҳафта ичида корхонаси томонидан лифт ўрнатилган уйлардаги камчиликларни бартараф қилишга ваъда берди. Шунингдек, шаҳардаги носоз, ишламай турган, техник ҳужжати бўлмаган, шунингдек, яроқсиз лифтларни ўрнатган корхона раҳбарларига камчиликларни бартараф этишлари учун икки ҳафта муҳлат берилди.
Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати.