Кўп қаватли уйлар қайси манбалардан таъмирланяпти?
Самарқанд вилоятида 1 952 та кўп квартирали уй-жойлар мавжуд. Уларга 7 та бошқарув компаниялари ва 173 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда 2 та (шаҳар ва туманларда) “Ягона ҳисоб-китоб маркази” давлат унитар корхонаси филиаллари хизмат кўрсатмоқда.
Бугунги кунда 217 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган уй-жойларда 1 метр квадрат учун ўртача тариф 661 сўмни ташкил этмоқда.
Сўнгги уч йилда мавжуд кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун тижорат банклари томонидан 168 та уй-жой мулкдорлари ширкатларига 87,7 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Шунингдек, 946 та кўп квартирали уйлар маҳаллий бюджетдан ажратилган 16,8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан таъмирланган.
Жорий йилги манзилли дастурига асосан молиявий барқарор бўлган 32 та ширкатларга 127 та кўп квартирали уйларни таъмирлаш учун 4,4 миллиард сўм кредит ажратилиши белгиланган.
Мазкур маблағ асосида 9 минг квадрат метр том қисми, 151 та кириш йўлаклари, 32 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш, 82 та темир эшик ва кодли қулфларни ўрнатиш ҳамда 35 та ички муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларни таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Шундан, 4,4 минг квадрат метр том қисми, 56 та кириш йўлаклари, 40 та темир эшик ва кодли қулфларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда аҳолига барча қулайликларни яратиш ҳамда коммунал техник соҳани янада ривожлантириш мақсадида ҳудудий “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” давлат унитар корхоналари негизида “Тез коммунал хизмат” сервис қисқа (1184) рақами йўлга қуйилган.