Кореялик шифокорлар билан ҳамкорликни узайтириш келишилди

Бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейин хавф соладиган хасталик саналади. Кўкрак бези ва ошқозон саратони каби касалликлардан кейинги ўлимга етаклайдиган хавфли касаликлардан биридир. Айниқса, фертил ёшидаги аёллар ва қизлар  орасида бачадон бўйни саратони анча хатарлидир. Аксарият ҳолларда касаллик кеч ташхис қўйилганлиги сабабли салбий оқибатларга олиб келади. Бачадон бўйни саратонини келтириб чиқарадиган асосий омиллардан бири, одам папиллома вируси ҳисобланади. Хавфли оқибатларга олиб келадиган бачадон бўйни саратонидан аёлларни имкон қадар сақлаш учун касалликни келтирувчи вирусига қарши 15 ёшгача бўлган қизларнинг 90 фоизини эмлаш ҳамда 35-45 ёшли аёлларнинг барчасини профилактик кўрикдан ўтказиш керак.

Вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасида вилоятда фертил ёшдаги аёлларда одам папиллома вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллигининг диагностикасини такомиллаштириш лойиҳаси юзасидан ўтказилган тадбирда ушбу хасталикнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.

Анжуманда Жанубий Кореянинг KOFIH (Корея халқаро Соғлиқни сақлаш жамғармаси) Президенти, жаноб Ким Чанг Ёп ҳамда мазкур ташкилотнинг Ўзбекистондаги вакили ва бошқа қатор тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди. Таъкидлаш ўринлики, мазкур ташкилот ҳамкорлигида вилоят юқумли касалликлар шифохонасида паппилома вирусини аниқлаш учун мўлжалланган ПЗР ускуналари ҳамда суюқ цитологик лабораторияси ташкил этилган.

-2022 йилнинг август ойида кореялик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни йўлга қўйгандик, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев. – Бачадон бўйни саратонининг олдини олиш бўйича олиб борилган ҳамкорлигимиз натижасида 2022 йилнинг август ойидан 2023 йил январ ойигача вилоятимизда 6385 нафар фертил ёшидаги аёллардан таҳлиллар олиниб, текширишдан ўтказилди. Шундан 462 нафар аёллардан хасталик аниқланиб, бирламчи тизимда уларни соғломлаштириш мақсадида диспансер назоратига қуйилди.

Тадқиқотчи олимларнинг таъкидлашича, кўрсатилган барча профилактик чораларга риоя қилиш 2050 йилига 40 фоизгача касалликни камайишига ҳамда 5 миллиондан ортиқ ўлимнинг олдини олинишига олиб келади.

Тадбир сўнгида вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси маъмурияти ва Жанубий Кореянинг KOFIH фонди (Корея халқаро Соғлиқни сақлаш жамғармаси) президенти жаноб Ким Чанг Юп билан “Самарқанд вилояти ҳудудларидаги аёллар ўртасида одам папиломаси вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллигининг диагностикаси бўйича имкониятларини такомиллаштириш” лойиҳа меморандум имзоланди.

Мазкур меморандум 2022 йил август ойида Жанубий Корея KOFIH Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси ўртасида имзоланган инвестиция лойиҳа ҳамкорлик шартномаси 2023 йилда ҳам давом эттирилади. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, инвестиция лойиҳа ҳамкорлик шартномасининг умумий қиймати бир миллион еврони ташкил этади.