Коронавирус: 2 март ҳолати бўйича дунёдаги вазият
Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси берган маълумотга кўра, мамлакат ичида бугунги кунга қадар 80026 нафар (28 февраль ҳолатига – 78824 киши) касалга чалинганлар қайд этилган. SCMP (South China Moring Post) нашрининг ҳисоботига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони дунё бўйлаб 89 мингдан ошиб кетган (28 февраль ҳолатига – 83272 киши).
Жами 3044 нафар инсон ҳалок бўлган (SCMP томонидан тақдим этилаётган онлайн-маълумот).
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) берган сўнгги маълумотга кўра, Хитой ҳудудидан ташқарида 7 мингдан ортиқ касалланганлар аниқланган. Жумладан, йирик касалланганлар сони Жанубий Кореяда (4212 киши), Италияда (1694 киши) ва Эронда (978 киши) кўзатилмоқда.
Россия пойтахти Москва ва Германия пойтахти Берлинда дастлабки касалланганлар қайд этилди.
Францияда коронавирус билан касалланганлар сони 130 нафар етди. Мамлакатнинг 12 ҳудудида касалланганлар аниқланган. Вирус авж олганлиги оқибатида Франциянинг Лувр музейи вақтинча фаолиятини тўхтатди. АҚШда коронавирус оқибатида икки нафар бемор вафот этди.
Чехияда уч нафар шахсда дастлабки коронавирус ҳолати аниқланди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, касалланганларнинг барчаси яқинда Италия сафаридан қайтган фуқаролар.
Италияда коронавирус туфайли 34 киши вафот этди. Шу билан бирга интернет тармоқларида Рим папаси Франциск ҳам касалланганлиги тўғрисида маълумотлар тарқалди. Бироқ расмий Ватикан бу хабарлар ёлғон эканлигини таъкидлади.