Коронавирус 87 давлатда қайд этилди

Олинган расмий маълумотларга кўра, 2020 йил 5 март куни соат 18:00 ҳолатига кўра, дунёнинг 87 та давлатида жами 96 893 нафар беморларда COVID-19 инфекцияси аниқланган, улардан 53 638 нафари соғайган, 3305 нафари вафот этган. Хитой Халқ Республикасидан ташқари COVID-19 коронавирус инфекцияси дунёдаги 86 давлатда 16 471 та ҳолатда қайд этилган. Касалликнинг (бир суткада) ўсиши: Хитой Халқ Республикасида  157 нафар (0,2 %), бошқа давлатларда 2 149 нафарни  (17 %) ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 5 март куни соат 18:00 ҳолатига кўра, COVID-19 коронавирус инфекцияси қайд этилмади, дея хабар қилди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши марказий штаби.

Жорий йилнинг 15 январидан 4 мартигача бўлган даврда Хитой Халқ Республикаси ва 29 февраль кунидан эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан Ўзбекистонга келган фуқаролар жами – 6 157 нафар (1105 нафари Хитой ва Корея фуқаролари), уларнинг 1 267 нафарининг саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.

Санитария-карантин пунктларидан 5 март куни соат 18:00 гача Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий давлатлардан 17 та рейс орқали 2 568 нафар, темир йўллар орқали 1 та поездда жами 85 нафар шахслар, давлат чегара божхона постлари орқали 1 117 та автотранспортларнинг эгалари ва 25 202 нафар йўловчи шахслар термометриядан ўтказилган. Улардан охирги 15 кун ичида коронавирус тарқалган давлатларда бўлган шахслар 29 нафар, улар орасида тана ҳарорати меъёрдан юқори бўлган ва юқори нафас йўлларининг шамоллаш белгилари бўлган кишилар аниқланмади.