Коронавирус қаршисида Италия мутлақо ёлғиз қолиб кетди. Энди Европа иттифоқи қулайдими?

Яқин кунларда Чехия ва Италия ўртасида шов-шувга сабаб бўлган келишмовчилик юзага келди. Италия томони Прагани Италияга Хитойдан инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилган ўлкан ҳажмдаги тиббиёт ниқобларини контрабандага қарши кураш баҳонаси билан ушлаб қолганликда айблади. Фақат орадан уч кун ўтганидан сўнг Чехия ҳукумати ҳатосини тан олди ва италияликлардан узр сўради. Бироқ ўтган уч кун ичида ҳибсга олинган тиббиёт ниқобларининг барчаси Чехия шифохоналарига тарқатилиб бўлинганди. Кейинги вақтларда Европа иттифоқида (ЕИ) тез-тез содир бўлаётган шунга ўхшаш ҳолатлар бирдамликка жиддий зиён етказишини таъкидламоқда мутахассислар.

Чехия ҳукумати 110 минг дона тиббий ниқоб ва бошқа антисептик воситалардан иборат бўлган юкни ушлаб қолганлиги ҳақида биринчи бўлиб чехиялик кузатувчи Лукас Лев Червинки сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати томонидан Италияга юборилган ниқоблар барча ҳужжатлар халқаро меъёрларда расмийлаштирилган бўлишига қарамасдан, Лосовицада (Чехия) божхона томонидан мусодара қилинган. Италия ва Хитой ҳукуматлари Прагага вазиятни тушунтириш бўйича сўровнома юборганида, улар уч кун давомида расмий Прагадан – мусодара қилинган ниқоблар, халқаро бозорда қайта сотиш мақсадида бўлган чех тадбиркорларидан олиб қўйилганлиги тўғрисида жавоб олишган. Чехияда бу иш юзасидан ҳатто контрабанда моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Италия ТИВ раҳбари Луиджи Ди Майонинг чехиялик ҳамкасби Томашу Петржичекуга қилган мурожаатидан сўнггина Прага “ҳатога йўл қуйилганини” тан олди. Бироқ Прага ниқобларни қайтара олмасди. Чунки барча ниқоблар Чехия бўйлаб касалхоналарга тарқатиб бўлинганди. Чехия ниқобларни 48 соат ичида Италияга қайтаришга ваъда берди. Аммо вақт ўтмоқдаки, ниқоблар ҳали ҳам қайтарилмади.

Червинкининг сўзларига кўра, инсонпарварлик ёрдами юки билан контрабанда юкини алмаштириб юборишнинг иложи йўқ. “Ҳар бир қути алоҳида белгиланган бўлган. Уларда Хитой ва Италия давлатларининг байроқлари бўлган ва ҳар бир қутида “бу юк инсонпарварлик ёрдами”, деган ёзувлар бўлган. Ҳужжатларнинг барчаси жойида бўлган,” дея таъкидлади Червинка.

Коронавирус авж олган Италия учун ниқоб воқеаси биринчи кўнгилсиз ҳолат эмас. Европа мамлакатлари ва АҚШ ҳар доим евроатлантик ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик ва оғир кунда бир-бирларига кўмаклашиш тўғрисида бонг урарди. Лекин ҳақиқатдан ҳам оғир кунлар келганда, Америка ҳукумати Европа давлатлари фармацветика компаниялари билан коронавирусга қарши вакцинага (ҳали йўқ вакцинага) эксклюзив эгалик қилиш ҳуқуқини сотиб олиш учун музокаралар олиб боришни бошлади.

Ўз навбатида, Европа давлатлари чегараларини оммавий ёпишни ва ўз иттифоқдош қўшниларига тиббий воситаларнинг сотилишини тақиқлашни ҳам бошлашди.

Италиядаги эпидемия авжининг дастлабки кунлари Европа иттифоқи уларга деярли ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмади. Римга дастлабки инсонпарварлик ёрдами эндигина коронавирус ҳуружидан омон чиққан, Хитой ҳукумати томонидан юборилди. “ЕИ фақат фикр қилади ва маслаҳат беради. Ундан бошқа ҳеч қандай фойдали иш қалмаяпти. Брюссел ваъда бериш ва маслаҳат беришдан бошқа иш ҳам қилиши керак”, дея таъкидлади 11 март куни Италиянинг ЕИ вакили Маурицио Массари.

“ЕИдаги қўшнилар Италияни унутиб юборишди”, дея таажубланди, Италиянинг La Repubblica газетаси бош редактор ўринбосари Джанлука Ди Фео, ўзининг Франциянинг Le Figaro нашри учун ёзган мақоласида. “Коронавирус қаршисида Италия мутлақо ёлғиз қолиб кетди. Европа иттифоқи биронта шифокор ҳам, ниқоб ҳам юбормади, ҳатто касалхона ҳам ташкиллаштириб бермади. ЕИ ўзининг аниқ ҳаракатларга қодир эмаслигини исботлади. Унда на ҳамжиҳатлик, на назорат бор. Бу биз ҳеч қачон эсдан чиқармайдиган муҳим дарс: эпидемия тугаганидан сўнг ҳеч нарса илгаригидек бўлмайди”, деб ёзди италиялик журналист.

Бутун Европа Италиядаги касалхоналар беморлар билан тўлиб кетганини, шифокор ва ҳамширалар чарчоқдан холдан тойиб, ҳушсиз йиқилаётганини, ўзлари ҳам касалликни юқтириб олаётганларини ва кимни сунъий нафас бериш ускунасига улаб, кимни уламасликни танлаётганларини, кимнинг яшаш имконияти кўпроқ бўлса, ўшангагина ёрдам кўрсатилаётганини муҳокама қилмоқда. Бироқ Италиядан Франция, Германия, Австрия, Словения, Венгриягача бўлган масофа у қадар узоқ эмас. Аммо ушбу ривожланган қўшниларнинг биронтаси ўзларининг жонлантириш бўлимларидан жой берганини, ўзларининг тиббий ускуналарини берганини, ўзларининг шифокорларини Миланга юборганларини эшитдими? “Ломбард ҳудудидаги ёши катта беморларга ёрдам кўрсатиш учун Франция ФВВ самолётини юборди”. “Германия Миланга бир гуруҳ реаниматолог шифокорлар юборди”. “Венгрия ўзининг тиббий ниқоб захираси билан Италия билан бўлишди”. Қани буларнинг барчаси, қани амалдорлар, инсонпарвар демократлар, расмий Брюссел (ЕИ пойтахти)? Италиядаги беморларнинг бир қисмини Польшага юборишни таклиф қилса, нима бўлади?

Шу кунларда интернет тармоқларида италияликлар томонидан ёзилган видеомурожаат пайдо бўлди. Унда шундай дейилган:

“Раҳмат сизга қадрли Макрон (Франция Президенти), раҳмат сизга қадрли Меркель хоним (Германия канцлери), биз сизнинг ёрдамингизга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ муҳтож бўлган вақтда бизни ташлаб кетганингиз учун. Бизга вирус билан курашиш учун, сиздан оддий тиббий ниқоб ва бошқа тиббий жиҳозларни сотиб олишга имкон бермаганингиз учун раҳмат, катта раҳмат. Биз уларнинг пулини тўлардик. Биз италияликлар – бошқариб бўлмайдиган, ўзгача, камбағал, расво, шовқинли ва баъзи жойларда мафия.

Эммануэль Макрон.

Аммо биз шу билан бирга сизларга йўл қуришни, мактабни, алифбони ўргатган халқмиз. Биз сизларга қонунларни ва ҳуқуқий мейъёрларни ўргатдик. Бу биз италянлар – сизнинг музейларингизни тўлдириб турган асарлар, сиз ўқиётган матнлар, сиз фойдаланаётган кашфиётлар муаллифлари...

Шунингдек, сизга ҳам раҳмат, жаноб Трамп ва жаноб Жонсон бизга ёрдам бериш ўрнига, ташлаб кетганингиз учун... Сизга шуни эслатиб ўтиш жоизки, жаноб Трамп, агар италиялик бўлмаганда, сиз ҳозир Америкада пул сочмасдан, аждодлар юртида оч-наҳор ўтирган бўлардингиз. Сиз ҳатто картошка ҳам ея олмасдингиз. Чунки номаълумлик томон сузиб борган қўрқмас итальянсиз у сизда бўлмасди... Биз итальянлар банкларни, университетларни, архитектурани, муҳандисликни, астрофизикани, календарни, мусиқани кашф қилган халқмиз. Джотто, Колумб, Марко Поло, Леонардо, Микеланжело, Бернини, Тициан, Рафаэль, Галилео, Цезарь, Данте... барчаси итальялик бўлган. Агар сизга фарқи бўлмаса, орқадан ханжар уришга қарор қилган бўлсаларингиз, унда дунёдаги энг жозибали мамлакатни айланиб ўтинг. Биз оғир кунда ёрдам берганларни кутиб олишдан бениҳоя хурсанд бўламиз. Сизларнинг ўзингизни севишингиз, нақадар тубан эканликларингизни кўрсатиб берди. Раҳмат!”.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.