Коронавирус қурбонлари сони бўйича энг паст кўрсаткич Ўзбекистонда

Коронавирус инфекциясини юқтириб олиш натижасида ҳалок бўлиш бўйича энг паст кўрсаткич ҳозирча Ўзбекистонга тегишли бўлиб турибди, деб маълумот берилди "Кoronavirus info" телеграм каналида.

Айни пайтда коронавирус билан чалинганлар сони 624 тага етган. Шундан 3 таси вафот этган бўлса, 42 таси тузалиб кетган.

Дунё бўйича ўлим ҳолати Ўзбекистонда 0,52 фоизни ташкил этган. Ундан кейин Россия (0,75) бўлиб турибди. МДҲ давлатларидаги 1,13 фоиз кўрсаткич дунёдаги ҳолатдан (6,1%) 5 баравар кам.

Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон ва Туркманистонда ҳозиргача касаллик аниқланмаган. Ҳар иккала мамлакат ҳам чегараларини бутунлай ёпган.

Дунё бўйича энг кўп ўлим Франция (14,14 %), Италия (12,73%), Буюк Британия (12,26 %), Нидерландия (11,01%), Бельгия (10,1 %) ва Испанияда (10 %) қайд этилган.

Ҳозиргача дунё бўйича 1,61 миллион одам коронавирусга чалинган бўлиб, 95 мингдан ортиқ одам вафот этган, 35 мингдан ортиқ одам тузалган.