Коронавирус туфайли Хитой ичкарисида аҳвол қандай? Вирусни даволайдиган касалхона деярли қуриб битказилди
Коронавирус тарқалган Хитой ичкарисида аҳвол қандай? Аҳолининг кундалик ҳаёти, глобал хавфнинг хуружи, мавжуд вазият ҳақида айни пайтда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган ЎзА мухбири Шерзод Исаев хабар қилади.
Ҳозирги кунда Хитойда коронавирусни юқтирган инсонлар сони 9 700 дан ортди. Касалликни юқтирган, деб тахмин қилинаётганлар 15 238 нафар, 176 нафар фуқаро эса ушбу касалликдан тузалган. Вирусни юқтириш оқибатида 213 нафар инсон ҳалок бўлган.
Мазкур вируснинг тарқалиш тезлиги ҳам кундан-кун ортиб бормоқда. Бу эса нафақат Хитой ҳукумати, балки бутун жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётир.
Бутун Хитой бўйлаб коронавирус инфекцияси авж олаётган бир пайтда ҳукумат унинг тарқалиш даражасини пасайтириш учун барча зарур чораларни кўрмоқда.
Вирус тарқалиши оқибатида аввалига мамлакатда жорий этилган фавқулодда ҳолат глобал эпидемия даражасига етди. Аҳолисининг кўплиги жиҳатидан биринчи ўринда турадиган мамлакат кўчаларида одамлар ҳаракати сустлашган.
Ҳукумат фуқароларни зарур бўлмаган ҳолатларда кўчага чиқмасликка чақирган. Кўчага чиқишдан аввал антисептик воситалар, махсус тиббий қўлқоплар ва ниқоблардан фойдаланишлари тавсия этилмоқда.
Хусусан, мамлакат аҳолиси ўртасида ниқоб тақиш тизими жорий этилган бўлиб, кўчаларда ниқобсиз юриш тақиқланди. Жамоат жойларига киришдан аввал ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади. Назоратдан ўтказилади.
Шунингдек, вируснинг мамлакат бўйлаб тарқалиш суръатини пасайтириш ва касалланган беморларни даволаш учун Ухан шаҳрида иккита шифохона қурилиши ишлари бошланган. Ҳар бири 1 000 ўринга мўлжалланган “Хуошеншань“ ва “Лейшеншан“ касалхоналари 3 февраль куни фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Бино Пекиндаги Сяотаншан шифохонаси намунаси бўйича барпо этилмоқда. Хитой пойтахтидаги шифохона атиги 7 кун ичида қурилган.