Коронавирусдан 789 юртдошимиз соғайган, 11 фуқаронинг аҳволи оғир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:

– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 1887 бемор рўйхатга олинган. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 117 беморнинг 32 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 69 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 144 бемордан 45 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Карантин тадбирлари давом этяпти. Касалликка чалинганларни даволаш самарадорлиги ҳам ортиб боряпти. Ҳозирги пайтга келиб 789 фуқаро бутунлай соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Бу яхши кўрсаткич ҳисобланиб, умумий касалланганлар сонига нисбатан 42,2 фоизни ташкил этяпти. Касалликка гумон қилинган ва касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлган, эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келинган ва айнан шу каби ҳудудлардан ўзлари етиб келган шахсларнинг барчаси тиббий назорат остига олиняпти. Шу бугунги кунга қадар 250 мингдан ортиқ фуқаро коронавирус касаллигига вирусологик усулда текширилган. Кечанинг ўзида 8400 фуқарода таҳлиллар ўтказилган.

Карантин тадбирларига тўлиқ риоя этишимиз керак. Кўчага чиқишга сабаб бўладиган турли баҳоналар ва байрам тадбирларини ўйлаб топманг. Бу жуда жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Атрофимизда ушбу касалликка чалинган фуқаролар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Агар баъзиларда касаллик енгил кечар экан, деган фикрга борган бўлсангиз 3 фоиздан ортиқ ҳолатда касаллик ўта оғир кечиб, ҳатто ўлим билан якун топаётгани сизни сергак торттириши керак.