Коронавирусга чалинганларни даволаётган шифокорлар ўрин алмашди
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар институти клиникасининг 67 нафар ходими Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида масъуллар томонидан алоҳида эҳтиром билан реабилитацияга кузатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, эндиликда улар ўрнида навбатдаги фидойи тиббиёт ходимлари фаолият бошлайди.
Ушбу клиника жамоасининг халқаро стандартлар асосида даво муолажаларини олиб борганликлари учун кеча 10 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайишга эришди.
Айни пайтда мазкур шифохонада даволанаётган юздан зиёд беморларни дарддан фориғ этиш йўлида тиббиёт ходимлари жасорат ва фидойилик намунасини кўрсатиб меҳнат қилишмоқда. Бу эса тез кунларда яна кўплаб беморларимизнинг бутунлай тузалиб кетишларига замин яратиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бирдамликда, бор маҳорати ва тажрибасини ишга солган ҳолда меҳнат қилган тиббиёт ходимларига чуқур эҳтиром кўрсатди ва улар ўрнида фаолият бошлаган шифокорларга муваффақият тилади.