Коронавирусга чалиниб, пойтахтда даволанаётган самарқандликлар нечта?
Айни пайтда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан хасталанганлар 158 нафарни ташкил этмоқда. Уларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида, халқаро стандартлар бўйича тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Шунингдек, беморлар билан яқин мулоқот қилган фуқаролар ҳам зудлик билан аниқланиб, уларнинг саломатлиги устидан 14 кунлик стационар карантин кузатуви ҳам ўрнатилган. Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллар бўлса, шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.
Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг аксарияти пойтахтимизда муолажа олишмоқда ва улар орасида юртимизнинг турли ҳудудларидан бўлган фуқароларимиз ҳам бор.
Жумладан, ҳозирда Тошкент шаҳрида юртимиз бўйича энг кўп бемор, яъни Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида жами даволанаётган 92 нафар бемордан 7 нафари соғайган бўлса, 1 нафари вафот этган. Ҳудудлар кесими бўйича: Тошкент шаҳридан 73, Бухородан 2, Қашқадарёдан 2, Навоийдан 2, Самарқанддан 7, Сирдарёдан 1 ҳамда Тошкент вилоятидан 5 нафар бемор пойтахтимиздаги ушбу тиббиёт муассасасида даволанмоқда.
“Қолган 66 нафар бемор (шундан бир нафари вафот этган) мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанмоқда. Бу ҳақда кейинги материалимизда батафсил маълумот берамиз”, дейилади хабарда.