Коронавирусга чалиниб, тузалган беморларда қанақа асоратлар қолмокда?
Ушбу саволга бугун АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков жавоб берди.
- Коронавируснинг оғир шакли билан касалланиб тузалган беморларда асосан қанақа кўринишдаги аломатлар сақланиб қолмокда?
- Коронавирус инфекциясининг оғир шакли билан касалланган беморлар организмида тромбоэмболия, тромбоз, ўпка артерияси тромбоэмболияси ёки ўткир коронар етишмовчилик каби полиорган ўзгаришлар юзага келганлиги сабабли касалликдан тузалгандан кейин баъзи беморларда ўпка ҳаётий сиғимининг (жизненный объем легких) 20-30 фоизга камайиши, шунингдек, альвеолалар деворларида бириктирувчи тўқиманинг юзага келиши туфайли касалликдан сўнг ўпка фибрози кузатилиши мумкин. Бу эса ҳарсиллаш, сурункали кислород етишмовчилигига олиб келади.
Бундан ташқари, юрак-қон томир тизимида, буйракларда ва асаб системасида ҳам патологик ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин.