Корхона қўшимча 728 миллион сўмлик солиқларни ўз вақтида тўлади

Объектларни қуришда, жумладан, фойдаланиш учун тайёрлашда қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш, ишга тушириш-созлаш, лойиҳа-қидирув ва илмий ишларни, шунингдек, узоқ технологик (бир ҳисобот давридан ортиқ) даврийликдаги бошқа узоқ муддатли шартномаларни бажаришда солиқ базаси ҳар бир календарь ойнинг охирида ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб ҳисобланиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 303-моддасига асосан узоқ муддатли контрактлар бўйича даромадларни белгилаш амалиёти татбиқ этилган. Унга мувофиқ тузилган контрактлар шартларида хизматларни босқичма-босқич топшириш назарда тутилмаган бўлса, узоқ технологик циклли ишлаб чиқариш, яъни бир солиқ давридан ортиқ муддат бўйича мазкур хизматларни реализация қилишдан олинган даромад ҳисобга олиш маълумотлари асосида, даромадни бир меъёрда эътироф этиш принципи инобатга олинган ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақсимланиши белгиланган.
Солиқ кодексининг 248-моддасига мувофиқ қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳамда 463-моддасига асосан айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари узоқ муддатли контрактлар бўйича даромадларни тан олиб боришлари янгича усулда амалга оширилиши белгилаб берилди.
Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси масъул ходимлари томонидан ўтказилаётган камерал назорат тадбирлари натижасида кўп қаватли уй-жой қурилиши фаолияти билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида келгусида йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳамда “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларининг ишончли ҳамкори” тамойили бўйича юқорида қайд этиб ўтилган кодекс талабларини қурилиш ташкилотларига амалий ва назарий жиҳатдан кенг тарғиб этилмоқда.
– Бугунги кунда барча жабҳаларда бўлгани каби қурилиш соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди шаҳар давлат солиқ инспекцияси камерал назорат бўлими бошлиғи Ўткир Бўтаев. – Қурилиш соҳасидаги шаффофлик аввало сифат, сўнг ижтимоий-иқтисодий нафлиликни таъминлайди. Солиқ кодексида белгиланган янги тартиб шаҳримизда фаолият юритаётган кўп қаватли турар жой биноларини қуришга ихтисослашган корхоналар раҳбар ва ҳисобчиларига батафсил тушунтирилмоқда. Бунинг натижасида давлат бюджетига қўшимча маблағлар жалб қилинмоқда.
“Maroqand Invest Project” масъулияти чекланган жамияти кўп қаватли турар жойлар қуришга ихтисослашган корхоналар сирасидан. Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари қурилиш объектига бориб, корхона масъулларига янги тартиб хусусида атрофлича тушунча берди.
- Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси камерал назорат бўлими масъуллари томонидан Солиқ кодексининг айрим жиҳатлари хусусида бизга батафсил тушунчалар берилди, – дейди корхона бош ҳисобчиси Бунёд Қаршиев. – Бунинг натижасида жорий йилнинг 1-чораги якуни билан тақдим этилган солиқ ҳисоботларимиздаги камчиликлар бартараф этилди ва натижада давлатимиз бюджетига қўшимча 728 миллион сўм ҳисобланган солиқлар ўз вақтида тўлаб берилди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.