"Кунимиз ўтиб турибди-ку": Аввало, бундай қарашларни ўзгартириш зарур
“Қўлимда бирор ҳунарим йўқ, на тузук ўқишни ё ёзишни биламан. Болаликда ҳаёт шундай экан, деб мол етаклаб юраверган эканмиз. Энди уйимга келаётган масъуллардан нима сўрашни ҳам билмайман. Касбга ўқий десам, саводим йўқ, уяламан. Тадбиркорлик қўлимдан келмайди. Нима қил, дейсиз?”.
Оқдарё туманидаги маҳаллалардан биридамиз. Камбағал, деб топилган оилалардан бирини ўрганиш давомида берилган кетма-кет саволлардан кейин оила бошлиғи охири "ёрилди..."
- Нега уяласиз? Қўлида дипломи бўла туриб, икки қатор жумлани келиштириб ёзолмайдиганлар бор. Ана шулар уялсин. Сиз берилаётган имкониятдан фойдаланиб қолишингиз керак. Бирор қизиққан касбингиз ё ишингиз борми?
- Билмасам? Иш чиқса, ишлаяпман. Бўлмаса, ҳовлида у-бу экиб, сотамиз. Кунимиз ўтиб турибди-ку.
Жорий йил бошида тумандан 6112 та оила ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган. Шундан нисбатан оғирроқ ижтимоий аҳволдаги 440 та оила танлаб олиниб, 88 нафар масъулга бириктирилган. Туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи ўринбосари Умар Мажидовнинг маълум қилишича, ҳар бир хонадон хатловдан ўтказилиб, натижаси бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Йил якунигача туманда 1950 та оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган.
Мисол учун, Галаравот маҳалласида 4 мингга яқин оила истиқомат қилса, шундан 48 таси камбағал, деб топилган. 10 та оғир вазиятдаги оилага 3 нафар масъул бириктирилган. Ҳар бири учун камбағалликдан чиқаришнинг алоҳида йўналиши белгиланган. Кимдир тадбиркорликка қизиқса, бошқалари уйида, ҳовлисидаги бўш жойдан унумли фойдаланган ҳолда даромад қилишни истайди.
- Уларнинг ичида боқимандаликка мойиллари ҳам йўқ эмас, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Муҳаммад Мўминов. – Бундайларга қанча ёрдам берманг, кам. Ҳаёт тарзини яхшилашни истамайди. Улар билан ишлашда биринчи навбатда дунёқараши, фикрини ўзгартиришга ҳаракат қиляпмиз. Яратилган имкониятдан унумли фойдаланаётганлари ҳам бор. Улар ҳаётини яхши томонга ўзгартиришмоқда.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Жавлон Собиров иккинчи гуруҳ ногирони. Шундай бўлса-да, меҳнатдан қочмайди. Ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида кредитга олган электр скутерида маҳаллаларни айланиб, устачилик қилади. Бундан ташқари, ўтган йил охирида унга субсидия асосида бир сотихли иссиқхона қуриб берилди. Оила унда шолғом, сабзи ва исмалоқ етиштириб, қўшимча даромад қиляпти.
Биз бу хонадонга борганимизда иссиқхонадан маҳсулотлар йиғиштириб олиниб, ер кейинги экинга тайёрланаётган экан. Қизиқ томони, ерга бошқа бир камбағал оила вакили субсидия асосида олган мотокультиваторида ишлов бермоқда. Уни ҳам гапга тутдик. У мавсумий ишларда ишлаши, бўш вақтида мотокультиватор ёрдамида қўшимча пул топаётганини айтди.
Туманнинг Янгиҳаёт маҳалласида ҳам 15 та оила камбағаллик муаммосига дуч келган. Уларга "Сайхунобод тажрибаси" асосида турли соҳаларни қамраб олган ҳолда даромад топиш йўллари ўргатилмоқда. Жумладан, Шаҳноза Қамарова оиласи бугунги кунда нонвойлик билан шуғулланмоқда. Тез орада имтиёзли кредит олиб, машина харид қилишмоқчи. Бу маҳсулотни янада узоқроқ жойларга етказиш имконини беради.
- Бу ишни 2022 йилда 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб бошлаган эдик, - дейди онахон. – Уч йил ижарада туриб ишладик, даромадимиз яхши эмасди. Йиғиниб, уйимизда нонвойхона қурдик. Ҳоким ёрдамчисининг ёрдами билан замонавий печлар олдик. Натижада хорижда ишлаб юрган ўғлимни қайтариб, иш билан таъминлаш имкони яратилди. Корхонамиз секин-секин ривожланяпти. Мақсадларимиз катта.
Ҳоким ёрдамчиси Бобомурод Нурбоевнинг айтишича, бу оиланинг ҳовлисига сув чиқаришга ҳам ёрдам берилган. Энди бўш турган ердан унумли фойдаланишга кўмаклашиляпти.
- Биз айнан шундай оилаларни кўпроқ қўллаб-қувватлашимиз керак, - дейди Бобомурод Нурбоев. – Чунки улар ҳаракатда, бу эса албатта, ўз самарасини беради. Тадбиркор бўлдинг, деб эътиборни тўхтатиб қўйсак, улар яна камбағалликка тушиши мумкин. Акси бўлса, гувоҳи бўлганингиздек, қўшимча иш ўринлари яратиляпти. Мақсадимиз ёрдам кўрсатилди, деб ҳисобот ёпиш эмас, балки натижага эришиш.
Оилаларга бириктирилган масъуллар масаласига келсак, улар ҳар ойда икки марта хонадонларга бориб, фуқаролар билан учрашиши, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал қилиш бўйича ишни ташкил этиши керак. Бу жараён “Онлайн маҳалла” платформасида назорат қилиб борилади. Яъни, масъул жойлардаги ҳоким ёрдамчисининг планшети орқали бармоқ изи ёрдамида ўзига бириктирилган хонадонга келганлигини тасдиқлаши керак.
Жараённи ўрганиш давомида баъзи фикрлар пайдо бўлди. Мисол учун, ҳар бир раҳбар ўзига берилган оила билан 6 ой давомида ишлаши керак. Агар бу оила шу муддатда камбағалликдан чиқа олмаса-чи? Айтайлик, юқорида келтирилган суҳбатдаги каби берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш салоҳиятига эга бўлмаса ёки камбағалликдан чиқишни истамаса, нима бўлади? Раҳбар одам қандай қилиб бўлмасин ўз кўрсаткичини яхшилашга ҳаракат қилмайдими? Бундан боқимандалар фойдаланиб қолиши аниқ. Реестрдан чиқиш учун “савдо” бошланиб кетмаса бўлди. Бунинг олдини олиш учун эса барча ҳудудда ижтимоий шартнома тузилишини таъминлаш, унинг шартларини аниқ кўрсатиб, фуқароларга тушунтириш керак. Шунда ёрдам олаётган ҳам масъулият сезади.
Яна бир масала, бу саводи яхши бўлмаган фуқаролар билан боғлиқ. Ўрганишларимиз давомида бу каби ҳолатларни кўп учратяпмиз. Лекин шу вақтгача бирорта камбағалнинг чала қолган саводи чиқарилгани, улар билан психолог ё педагог ишлагани ҳақида факт кўрмадик. Ҳа, айни вазиятда ҳам педагог, ҳам психолог керак. Боиси, ўз кучига ишонмайдиган, жамиятдан ажралиб қолган кишиларнинг, биринчи навбатда дунёқаришини ўзгартириш, тезкор замонга психологик мослаштириш лозим. Ҳаётининг асосий қисмини бекорчилик билан ё кун ўтарга ишлаб ўтказган одамга ўқи, бойиб кетасан, дея насиҳат қилишнинг самараси кам. Камбағалликни йўқотмоқчи эканмиз, муаммонинг илдизига эътибор қаратишимиз лозим.
Асқар Баротов.