Кутубхоналар қандай ишлаяпти?: Тизимдаги муаммолар хусусида факт, таклиф ва мулоҳазалар
Ҳозир китоб ўқиётган одамни камдан-кам учратамиз. Энг ёмони, шунга кўника бошладик. Аммо китоб азалдан инсонга ўзликни, дунёни англаш, ҳаёт мазмунини тушуниш воситаси бўлиб келган. Шунинг учун жамиятда китоб мутолаа қиладиганлар кам бўлса ҳам унга доим эҳтиёж бор. Ана шу эҳтиёжимизни қодиришда кутубхоналарнинг ўрни катта.
Жумладан, болаларни китоб ўқишга қизиқтириш, мутолаа маданиятини шакллантириш ва уларга кутубхона хизматларини кўрсатишда вилоят болалар кутубхонаси жамоаси самарали меҳнат қилиб келмоқда. Кутубхона вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфида бўлиб, 16 туман, шаҳардаги 1272 та умумий ўрта таълим мактаби кутубхоналарига услубий раҳбарлик қилади. Кутубхонага аъзо бўлиш бепул ва фонддаги адабиётлардан 10 кун муддатда фойдаланиш ҳамда белгиланган муддатда ўқиб улгурмаган адабиётни яна 10 кун муддатга узайтириш мумкин экан.
Кутубхона директори ўринбосари Гулбаҳор Шарипованинг айтишича, кутубхона фондида 19 минг 238 номдаги 94 минг 835 дона қоғозли, 30 минг 550 та электрон адабиёт мавжуд бўлиб, улардан 22 мингдан зиёд китобхон фойдаланмоқда. Кутубхонада 28 нафар кутубхоначи абонементларга хизмат кўрсатишдан ташқари, ҳар ойда иккита асар ўқиб, умумтаълим мактабларида ўтказиладиган тарғибот тадбирларида ўқувчиларга унинг мазмуни ҳақида сўзлаб беради. Бу мактаб ўқувчилари бир ойда 50 дан ортиқ асарнинг ғояси билан танишади, дегани. Шу билан бирга, мактабларда, соғломлаштириш оромгоҳларида турли маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этиб келинмоқда.
Кутубхоналардаги муаммолар ҳал этилмаса, китобхонлик ривожланмайди
Кейинги йилларда китоб мутолааси муҳимлиги ёшлар, раҳбарлар, умуман, жамоатчилик орасида буни кенг тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш кўп таъкидланмоқда. Албатта, амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар натижасида соҳада сезиларли ютуқларга ҳам эришиляпти. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан бир неча йилдан бери ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови ёшлар ўртасида китобга бўлган қизиқишни оширди, китобхонлик тарғиботи жонланди. Аммо китобхонлик маданиятини шакллантиришда кутилган натижаларга эришганимиз йўқ. Хўш, бунга сабаб нима? Саволимизга вилоят болалар кутубхонаси директори Юсуф Муҳаммадиевдан жавоб олдик.
- Тўғри, китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ютуқларга эришиляпти, бироқ соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор, - дейди Ю.Муҳаммадиев. – Буни вилоят мактабларидаги кутубхоналар мисолида айтиб ўтаман. Биринчидан, мактаблардаги кутубхоналарда бадиий адабиётлар етарли эмас. Иккинчидан, кутубхоналар қулай жойда қурилмаган. Яъни, мактабларнинг энг четида, кўримсиз, киши бормас бир бурчагида жойлашган. Учинчидан, кутубхоналарда компьютерлар йўқ, интернетга уланмаган. Вилоятда кутубхоналарнинг интернетга уланиш кўрсаткичи 10 фоизга ҳам етмайди. Шу жойларда электрон кутубхоналар саноқли. Тўртинчидан, жойларда китобхонлик тарғиботи талаб даражасида ташкил этилмаяпти. Бешинчидан, кутубхоналарда ишлайдиган ходимлар маоши кам. Тизимдаги ушбу муаммоларни ҳал қилмай туриб, китобхонлик маданиятини ривожлантириш қийин.
Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари қошида фаолият кўрсатаётган барча ахборот-ресурс марказлари тугатилиб, Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) да ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилган. Айни пайтда вилоятимизда 16 та ахборот-кутубхона маркази бўлиб, уларда 300 нафардан зиёд ходим фаолият кўрсатмоқда.
- Қарийб 20 йилдан буён кутубхона соҳасида фаолият юритаман, - дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Наргиза Саидмуродова. – Яшириб нима қилдим, олдин кутубхонада керакли китобни топиш мушкул эди. Ўша китобни кимдир ўқишга олиб кетган ёки ҳали кутубхонага етиб келмаган бўларди. Ҳозир эса ахборот-технологиялари ривожланиб китоблар кўпайди, лекин китобхонлар кам. Бу билан умуман китоб ўқимаяпмиз, дейишдан йироқман. Чунки ҳозир кўпчилик ижтимоий тармоқдан китоб ўқишини айтади.
Кейинги йилларда кутубхоналарда китобхонлар учун барча зарур шароитлар яратилди ва ҳар йили китоб фондлари бойитиб борилмоқда. Масалан, олдин кутубхонамизда адабиётлар фақат қоғоз шаклида бўлса, ҳозир электрон адабиётлар сони ҳам кўпайди, рақамлаштириш йўлга қўйилди, тадбирлар формати, сифати ва нуфузи ошди.
Ҳозирги кунда ахборот-кутубхона марказимизда 41 минг 277 номдаги 52 минг 420 нусхада китоблар мавжуд. Марказимиз 2021 йилда 718 миллион сўм маблағ эвазига тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Моддий-техник базани яхшилаш учун 2022 йилда 30 миллион сўм, 2023 йилда 40 миллион сўм, жорий йилда эса 54 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада 2020 йилда ахборот-кутубхона марказимиз 2415 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатган бўлса, 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 10 минг 825 нафарга етди. Ҳозир кутубхонамиз доимий фойдаланувчиларининг 8924 нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.
Ахборот-кутубхона марказлари жойлашган бинолар ачинарли ҳолатда
Наргиза Саидмуродованинг таъкидлашича, тизимда кадрлар масаласи энг оғриқлидир. Чунки бу соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг аксарияти кутубхоначи мутахассислиги бўйича ўқимаган ва вилоятда бор-йўғи 79 нафар олий, 167 нафар ўрта махсус маълумотли ва 100 нафардан зиёд техник ходим ишлайди. Шунингдек, ахборот–кутубхона марказлари учун ажратилган бинолар кутубхона учун мослашмаган, фондлар кам, моддий техник база яхши эмас, электрон адабиётлар етишмайди, илмий базалар деярли йўқ.
Масалан, Нарпай туманидаги ахборот-кутубхона маркази алоҳида бино билан таъминланмаган. Вақтинча фойдаланишда бўлган бинода иситиш тизими мавжуд эмас. Бор-йўғи икки дона компьютери (улар ҳам маънан эскирган) бор. Булунғур тумани ахборот-кутубхона маркази ҳалигача алоҳида бино билан таъминланмаган. Вақтинча фойдаланиб турилган бино кутубхона учун мослашмаган. Kитобхонлар учун мўлжалланган ўқув залларида ўринлар сони жуда кам.
Нуробод тумани ахборот-кутубхона маркази бино билан таъминланган. Бироқ, ўқув зали ва китоб фондини сақлаш учун мўлжалланган хоналарда иситиш тизими йўқ. Бухгалтер, кадрлар бўйича масъул, библиография бўлими, АKТ ходими, бутлаш бўлимлари учун алоҳида хоналар ажратилмаган. Дераза ромлари ёғоч-тахта материалидан тайёрланган бўлиб, фойдаланиш муддати ўтганлиги сабабли ёрилган. Фойдаланишда бўлган стол-стуллар ҳам эскирган. Kутубхона балансида бугунги кунда бирорта ҳам компьютер жамланмаси ва принтер мавжуд эмас. Шунингдек, АKMнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида кейинги 4 йилда бюджетдан бирор марта маблағ ажратилмаган. Ахборот-кутубхона маркази 2020 йилда 3915 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатган бўлса, 2024 йилда уларнинг келиб келувчилар сони 16569 нафарга етган. Бу қамров туман аҳолисига нисбатан жуда кам.
Бундан ташқари, Самарқанд, Қўшработ, Пайариқ ва Пахтачи туманларида ҳам шундай муаммо ва камчиликларни кўриш мумкин.
Юқорида мутахассислар фикри асосида кутубхоналардаги асосий муаммо ва камчиликлар ҳақида тўхталдик. Бу китобхонлик маданияти шаклланмаётганининг бир жиҳати, холос. Ана шулардан келиб чиқиб ушбу муаммолар ечими ва китобхонликни ривожлантириш юзасидан айрим таклифларимиз бор эди.
Биринчидан, китобхонликни янада оммалаштириш учун ўтказилаётган танловларда совринли ўринлар сонини кўпайтириш керак. Масалан, катталар ўртасида ҳам “Ёш китобхон” танловига ўхшаган танловлар ўтказилса, ота-оналар шундагина китоб ўқиб, фарзандига ўрнак бўларди ёки совринни олиш учун ҳаракат қиларди.
Иккинчидан, ҳозир кўпчиликнинг бўш вақти ижтимоий тармоқларга кўчган ва интернетда ўзини мақташ билан овора. Ундан кўра, ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерларни миллий менталитетимизга хос материаллар тайёрлашга ундаш, китобхонликни тарғиб қилишга жалб қилиш ва уларни қўллаб қўллаб-қувватлаш керак.
Учинчидан, одамлар гавжум жойларда ва маҳаллаларда кўчма кутубхоналар ташкил этиш ва китобларни бепул ижарага беришни жорий этиш ва бунинг учун имтиёзлар керак.
Тўртинчидан, туманлардаги кутубхоналар, ахборот-кутубхона марказларига маҳаллий ҳокимликлар эътибор қаратиши, маърифат масканлари ҳамма учун қулай, кенг ва кўзга ташланадиган жойда бўлиши таъминланса мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.