“Кварц” АЖнинг яна 5 фоиз акцияси IPO йўли билан биржа савдоларига чиқарилди
Республикамизда энг йирик ойна ва шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Кварц” акциядорлик жамияти устав капиталидаги давлат акциялари пакетининг 5 фоизи “Тошкент” республика фонд биржаси орқали SPO йўли билан сотувга қўйилмоқда. Мазкур савдолар ва тизим ҳақида тадбиркорлар ва инвесторларга тушунча бериш юзасидан ҳудудларда семинарлар ташкил этилмоқда.
Самарқанд шаҳрида давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, “Freedom Finance” инвестицион компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда мутахассислар жамият акциясини сотиб олишнинг афзалликлари, фуқаролар акциядор бўлганда унга қандай ҳуқуқлар берилиши, акциядан қандай қилиб даромад олиш борасида тушунчалар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 майдаги қарорига асосан “Қўқон механика заводи” ва “Кварц” акциядорлик жамиятларини давлат тасаррруфидан чиқариш учун SPO ва IPO йўли билан акцияларни сотиш мақсадида Республика Фонд биржасига қўйилган.
- Ўтган йили “Кварц” акциядорлик жамиятининг 5 фоиз акцияси IPO йўли билан сотилганди. Бу йил яна 5 фоиз акция биржа савдоларига чиқарилди. Жами бўлиб жамиятнинг 20 фоиз акцияси сотувга чиқарилади, - дейди “Freedom Finance” инвестицион компанияси вице президенти Егор Романюк. - Сотувга жами 4822460 дона оддий акция қўйилган. 2019 йил 24 декабргача давом этадиган оммавий савдоларга инвесторларнинг кенг қатламини жалб қилиш мақсадида ҳар бир шахсга сотувга қўйилган акцияларнинг 0,1 фоизидан (4822 дона) ортиқ бўлмаган миқдорини харид қилиш имконияти яратилган.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.