Лойиҳалар амалга ошмади, баҳона - тажрибасизликми?

Нуробод вилоятимиздаги ҳудуди жиҳатидан энг катта туман ҳисобланади. 39 та маҳаллада 166 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган туманда ишсизлик 4,8 фоизни ва камбағаллик 9,1 фоизни ташкил этади.
Туманда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 103,8 миллиард сўм билан вилоятдаги улуши 1 фоизни ва ўрни бўйича 14-ўринни эгаллайди. Бу эса туманда саноат, ишлаб чиқариш, бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун имкониятлар етарли эмаслигини англатади.
Президентимизнинг 2024 йил 20 декабрдаги “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Фармонга асосан 2025 йилда “Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида “драйвер” лойиҳалар шакллантирилиб, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун инфратузилма объектларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари бўйича тасдиқланган таклифлар, манзилли рўйхатлар туман (шаҳар) кенгашига маъқуллаш учун киритилган. Халқ депутатлари Нуробод тумани Кенгашининг 2025 йил 6 мартдаги қарори ҳамда туман ҳокимлигининг таклифига асосан 1-босқичда 4 та лойиҳа учун республика бюджетидан 3,4 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Жумладан, туманнинг Нурбулоқ шаҳарчасида бўш турган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 2,8 гектар ер майдонини зарур инфратузилма билан таъминлаш ва лотларга бўлган ҳолда аукцион савдоларига чиқариш орқали саноат маркази ташкил этиш кўзда тутилган. Бунинг учун 300 метр электр тармоғи тортиш (36 миллион сўм), 1 та трансформатор ўрнатиш (40 миллион сўм), 300 метр йўлни асфальтлаш (100 миллион сўм), 1 та тик қудуқ ўрнатиш (150 миллион сўм), 1 та сув иншооти қуриш (300 миллион сўм), 500 метр ичимлик суви тармоғи тортиш (50 миллион сўм) белгиланган.
“Зарбдор тажрибаси” асосидаги ушбу драйвер лойиҳага республика бюджетидан 676 миллион сўм маблағ ажратилган. 2025 йил дакабрь ойида ишга туширилиши белгиланган лойиҳа доирасида 60 та янги иш ўрни яратилиши ва бюджетга қўшимча 2,9 миллиард сўм солиқ тушуми тушиши керак эди. Бироқ лойиҳани ишга тушириш у ёқда турсин, ҳозиргача аукцион орқали сотилиши ҳам таъминланмаган. Нега?
- Ҳудудларни ривожлантириш бўйича драйвер лойиҳаларга Нурбулоқ маҳалласидан 2,8 гектар ер майдони киритилиб, 12 та лотга бўлинган ҳолда бир ой олдин аукцион савдоларига чиқарилган, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Рашид Ибрагимов. – Шундан битта лотни Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркор Хитойдан скутер, мотоцикллар учун йиғув цехи ташкил этиш мақсадида харид қилган ва ҳозирда лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда. Қолган 11 та лот уч марта аукцион савдоларига чиқарилган бўлса-да, сотилмади. Дастлаб, ушбу ерларни тумандаги ишлаб чиқарувчиларга сотиб олишни таклиф этгандик. Энди эса вилоят миқёсида тадбиркорларга шу таклифни билдиряпмиз. Ҳозирда ер майдони 12 та лотга бўлинган ҳолда хариталари ўша жойга илиб қўйилган ва туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълонлар бериб боряпмиз.
Биз аукционда сотилиши белгиланган манзилда бўлганимизда ерлар лотларга бўлинмаган, қаровсиз тиконзорга дуч келдик. Қолаверса, ҳеч қандай стенд қилиб илиб қўйилган харитани ҳам кўрмадик. Аксинча, йўл бўйидаги чиқиндихонанинг бадбўйлигидан бу ерга келган харидор ҳам узоқлашади.
“Зарбдор тажрибаси” асосида ерларни аукционга чиқариш ва лойиҳаларни жойлаштириш учун йил бошида ҳаракат бошланган. Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори ҳам жорий йил 6 мартда чиққан бўлса, нега ерлар энди аукционга чиқарилди? Р.Ибрагимовнинг айтишича, бунга етарли тажриба бўлмагани сабаб бўлган.
- Нурбулоқ шаҳарчасида 32 та санатория бор ва уларга кунига беш мингдан ортиқ даволанувчилар келиб кетади, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари. - Cанаторияларга озиқ-овқат саноати ишлаб чиқаришни ташкил қилиш мақсадида ўша жой танланганди. Бу жойга коммуникация, инфратузилма яқин бўлгани учун кўп маблағ талаб қилинмаслиги сабабли танланган. Ҳудуднинг туташ қисмида темирйўл ўтган, 300 метр масофада электр станцияси жойлашган, 200 метрда катта йўл жойлашган. Ерларни аукцион савдоларига чиқариш бўйича биринчи йил шуғуллаётганимиз учун ҳужжатларни тайёрлашда катта вақтни бой бердик. Барча ҳужжатлар тайёр бўлгач, бир ой олдин ерларни савдога чиқардик.
Бундан ташқари, Нурдум маҳалласида бўш турган 79 гектар лалмикор ер майдони аукционда сотилди ва эндиликда сув чиқариш ишлари бошланмоқда. Сарикул маҳалласидан ўтувчи А-378 (Самарқанд-Қарши) автомагистраль йўлининг 10 гектар ер майдонини зарур инфратузилма билан таъминлаб, йўлбўйида савдо ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Ҳозирда 19 та лотдан 18 таси сотилган ва 8 та лотда қурилиш, ер текислаш ишлари бошланди. Чортут маҳалласида 2,5 гектар бўш турган лалми ер майдонини зарур инфратузилма билан таъминлаш ва аукционга чиқариш орқали туризм, аҳоли дам олиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича аукционга 8 та лот белгиланган. Ҳудудда ўзбошимчалик билан олдиндан эгаллаб олинган ерлар қонунийлаштирилиб, шундан 4 таси ишга туширилди, қолганлари бўйича ишлар давом этмоқда.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.