Лойишда автотураргоҳ, Суғончида маҳалла учун бино қурилади
Жорий йил 18 март куни Zarnews.uz сайти ва телеграм каналида “Оқдарёнинг “оқ” ва “қора”си” сарлавҳаси остида видеолавҳа ва мақола эълон қилинган эди. Унда келтирилган камчиликлар, муаммолар туман ҳокимлиги томонидан ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Ҳақиқатан ҳам Лойиш шаҳарчасининг Амир Темур кўчаси кенгайтирилиб, қайта таъмирланишига қарамасдан тирбандлик кузатилмоқда. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида “Оқдарё деҳқон бозори” ёнидан автотураргоҳ бунёд этиш учун ер майдони ажратилган. Айни пайтда бу ерга шағал ётқизилди. Энди асфальтлаш ишлари амалга оширилгач, муаммо бартараф этилади.
Лавҳада Суғончи маҳалла фуқаролар йиғини биноси ачинарли аҳволда эканлиги айтилган. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биносини давлат хусусий шериклик асосида қуриш бўйича тадбиркор Комил Аманов билан шартнома тузилган. Туман ҳокимининг тегишли қарорига кўра айни кунларда қурилиш ишлари бошланди. Жорий йил Мустақиллик байрами арафасида янги замонавий бино фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
6-умумий ўрта таълим мактабидаги мавжуд камчиликлар 2021 йил 18 март куни туман халқ таълими бўлими томонидан муҳокама қилинди. Юқори синф ўқувчиларининг ота-оналарига фарзандларининг дарсларга тўлиқ қатнашиши бўйича тушунча берилди. Дарс пайтида ўқувчилар давоматининг сусайишига эътиборсиз бўлган мактаб директори Ч.Муҳаммадиевага нисбатан интизомий чора кўрилди.
14-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1984 йилда қурилган бўлиб, қуввати 75 ўринли, ҳозирги кунда ташкилотда 80 нафар кичкинтойлар тарбияланмоқда. 21 нафар ишчи ходим фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилотнинг битта машғулот хонаси 2020 йил жорий таъмирланди. 2021 йил Инвестиция дастури асосида боғчанинг 150 ўринга мўлжалланган янги замонавий бинолари қурилади.
Оқдарё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.