Маҳалла раислари сенаторга “дардлари”ни айтди
Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш марказида навбатдаги ўқув курси тингловчилари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Олий Мажлис Сенатининг ўтган ҳафта якунида ўтказилган учинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган масалалар, қабул қилинган қонунларнинг аҳамияти ҳақида маҳалла раисларига маълумот берилди.
– Бугунги шиддаткор замонда ҳар бир давлат учун иқтисодий барқарорликка эришиш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва халқ фаровонлигини ошириш асосий масала ҳисобланади, – деди А.Кўчимов. – Жумладан, Ўзбекистон учун ҳам. Шунинг учун қисқа вақт ичида уч марта янги чақириқдаги Олий Мажлис юқори палатасининг ялпи мажлиси чақирилиб, бугунги ва эртанги кунимиз билан боғлиқ муҳим масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, ўтган ҳафта уч кун давом этган мажлисимизда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 20 та масала, шу жумладан 18 та қонун кўриб чиқилди. Бу масалаларнинг ҳар бири, аввало, халқимиз манфаатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қадрини улуғлаш нуқтаи назаридан қизғин муҳокама қилинди, тегишли ҳужжатлар, қонунлар маъқулланди.
Масалан, “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳақида гапирадиган бўлсак, бу бизнинг жондан азиз фарзандларимиз, ёш авлодимиз таълим-тарбияси, уларнинг келажаги билан боғлиқ муҳим ҳужжат дейиш мумкин.
Бинобарин, бугун дунёда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, ёшлар орасида турли ёт ғоялар тобора кенг тарқалиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 февралдаги тегишли қарори билан Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари (катта инспектор-психологлари) лавозимлари Миллий гвардия тузилмасига ўтказилди. Миллий гвардияда Болалар билан ишлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди, шунингдек вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологлар лавозимлари жорий этилди.
Маълумотларга кўра, Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари ўтган йил февраль ойидан ҳозирги кунга қадар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси 1-қисмида назарда тутилган 44450 та ҳуқуқбузарликни аниқлаб, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари орқали маъмурий жазо чоралари қўлланилишини таъминлаган ҳамда ота-оналар томонидан фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатлари бўйича 175 мингга яқин огоҳлантириш хатлари ёзилган.
Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш киритилиб, Миллий гвардиянинг умумтаълим мактабларида хизмат қилувчи вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига бундай ваколат берилмоқда. Бу, албатта, мактабларда, маҳаллаларда ижтимоий-психологик муҳитни яхшилаш, вояга етмаганлар орасида қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштирилаётганини қайд этди.
Қонунда фуқаролар йиғини раиси ваколатларини муддати 3 йилдан 5 йилга узайтириш, бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғинлари раисларини 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатларига ўтказиш назарда тутилгани таъкидланди.
Марказ тингловчилари – маҳалла раислари Сенатда маъқулланган қонунлар ҳудудлар ривожи, аҳоли кайфияти ва турмуш тарзига ижобий таъсир этишини қайд этган ҳолда сенаторга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар, таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.
– Кейинги йилларда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятининг тубдан такомиллаштирилаётгани, таркибнинг кенгайгани аҳоли билан ишлаш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – деди Ургут туманидаги Мўминобод маҳалласи раиси Обид Норбоев. – Бугун “маҳалла еттилиги” ҳудуддаги барча масалалар билан шуғулланмоқда, маҳалладаги аҳолининг ҳеч бир тоифаси эътибордан четда қолмаяпти, энди ёнимизга маҳалла банкирлари қўшиляпти. Бу яхши, албатта. Аммо маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва яна бошқаларнинг ҳам туманда ўз раҳбарлари бор ва, табиийки, улар бу ходимларига топшириқ беришади. Биз, раислар еттилик фаолиятига бошчилик қилишимиз, фаолиятни мувофиқлаштиришимиз белгиланган бўлса-да, улар кўпроқ тумандаги раҳбарлари олдида ҳисобдор. Шунинг учун бу масаланинг ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқиш керакмикан, деб ўйлаймиз.
Учрашувда Самарқанд шаҳридаги Нафосат маҳалласи раиси Баҳодир Худойқулов газета ва журналларни маҳаллаларга етказиб бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда бу борада фуқаролар йиғинларига имтиёзлар бериш масаласини кўтарди. Самарқанд туманидаги Юқори қайнама маҳалласи раиси Суҳроб Хўжаев эса бугунги кунда тўй-маъракаларда турли хил кераксиз одатлар, дабдабабозлик ва исрофгарчиликлар кўпайиб кетаётганини қайд этиб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, қонун меъёрларини қўллаш бўйича таклифларини билдирди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси А.Кўчимов ҳар бир савол, таклиф ва мурожаатларга муносабат билдириб, кўтарилган масалаларни тегишли идоралар билан бирга муҳокама қилишини маълум қилди.