Маҳалла раислигига номзодлар тегишли тартибда шакллантирилди
Айни кунларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Сенат томонидан мазкур жараён эълон қилингач, вилоятда ҳам кўмаклашувчи комиссия таркиби тасдиқланиб, аъзолари ҳудудларга бириктирилган эди.
Ўз навбатида шаҳар ва туманларда ҳам жараённи ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузилиб, уларнинг вакиллари тўғридан-тўғри маҳаллаларга бириктирилган. Ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, сайлов жараёнлари билан боғлиқ бошқа ишлар олиб борилган.
- Қонунчиликка кўра, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раислигига муқобиллик асосида 2 ва ундан ортиқ номзод кўрсатилади, - дейди вилоятда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия раиси ўринбосари, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов.
- Шу кунгача вилоятдаги 1126 маҳаллада тузилган ишчи гуруҳлар томонидан фуқаролар фикрлари инобатга олинган ҳолда 2 нафардан 5 нафаргача жами 4302 нафар номзод билан суҳбат ўтказилди. Уларнинг 2252 нафари (52,3 фоиз) маҳалла раислигига ўтказиладиган сайловда иштирок этишга муносиб, деб топилган. 2050 нафар номзод эса етарли даражада билимга эга эмаслиги сабабли сайловда иштирок этмасликлари тушунтирилиб, рад этилган.
Танлаб олинган 2252 нафар номзоднинг 499 нафари (22,1 фоизи) амалдаги раислар, 1753 нафари (77,8 фоизи) биринчи марта номзоди қўйилганларни ташкил этади. Шунингдек, 495 нафари 40 ёшгача, 744 нафари 40-50 ёшли, 909 нафари 50-60 ёшли, 104 нафари эса 60 ёшдан юқори.
Маҳалла раислигига номзодларнинг 2221 нафари (98,6 фоизи) олий маълумотли. Жумладан, 102 нафари ҳуқуқшунос, 746 нафари ўқитувчи, 57 нафари шифокор, 473 нафари иқтисодчи ва муҳандис, 218 нафари агроном, 656 нафари бошқа касб эгалари ҳисобланади.
Айни кунда ишлаб турган тажрибали фаол ва фидойи 31 нафар ўрта махсус маълумотга эга маҳалла раисларининг номзоди ҳам кўрсатилган.
Дарвоқе, маҳалла раислигига номзодларнинг 291 нафари (13 фоизи) аёл кишилар.
Қонунчиликда сайловни ўтказиш бўйича қарор қабул қилингандан 2 ой ўтиб сайлов бошланиши белгиланган. Шунга кўра, 16 март куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлса, демак, 16 майдан сайловни бошлашга рухсат берилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, мазкур сайловда фуқароларнинг вакиллари, яъни маҳалладаги сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизи овоз беради. Демак, ўртача ҳар 100 сайловчи номидан 12 вакил сайловда иштирок этади.
Белгиланган кунда дастлаб, номзодларнинг ҳисоботлари - маҳалла учун нима қилиб бера олади, қандай ишларни амалга ошириши тингланади. Шундан сўнг вакиллар, бюллетенни тўлдириб, ўзи муносиб деб билган номзодга овоз беради.
Эслатиб ўтамиз, бюллетенлар сайлов ташкил қилинган жойнинг ўзида – вакиллар кўз ўнгида саналади ва натижалар эълон қилинади. Агар номзодларнинг биронтаси 50 фоиз овоз тўплай олмаса, қайта овоз бериш жараёни ўтказилади.
Ё.Марқаев.