Маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилди
Судлар томонидан одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини амалга оширишига кўмаклашувчи нормалар миллий қонунчилигимизда ўз аксини топган бўлиб, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилиниши кафолатланган.
Жиноят кодексининг 7-моддасида, инсонпарварлик принципи — жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак, жазолашдан кўзланган мақсадга ушбу Кодекс махсус қисмининг тегишли моддаларида назарда тутилган енгилроқ чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкинлиги қайд қилинган.
Жиноят кодекси 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш нормаси, шу Кодекснинг 74-моддасида эса — жазони енгилроғи билан алмаштириш нормаси ўз аксини топган.
Мазкур қонун талабларига кўра, жазодан озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ҳамда жазонинг белгиланган қисмини ўтаган маҳкумга нисбатан қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьялари томонидан 23 нафар маҳкум ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Шунингдек, Самарқанд вилоят ИИБ 38-сонли манзил колония бошлиғи томонидан жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкумлар орасидан ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, тузалиш йўлига ўтган 10 нафар маҳкумга инсонпарварлик принципи қўлланилиб, ЖКнинг 74-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроқ жазо турлари билан алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинди ва маҳкумлар оила аъзолари бағрига қайтарилди.
Шоҳрух МИРЗААХМЕДОВ, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.