Мактаб ўқувчилари PISA халқаро тадқиқотида қатнашади
Бугун таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилаётганини кўпчилик эътироф этмоқда. Албатта, ёш авлодни баркамол авлод руҳида тарбиялаш орқали юртимиз эртаси ва унинг истиқболини таъминлашимиз мумкин. Шу боис ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан мамлакат рақобатдошлигининг асосий кўрсаткичига айланган бугунги шароитда тараққиётнинг муҳим омили сифатида таълимнинг роли ортиб бормоқда. Ҳозирги пайтда жамият ва цивилизациялар, аввало, ижтимоий қадриятлар ва таълим тизимлари билан рақобатлашмоқда”, дея таъкидлаганидек, соҳаларда изчил ривожланиш бўляпти.
Оз муддат ичида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, жумладан, Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилгани, Олий ва ўрта махсус таълими ҳамда Халқ таълими вазирликларини ислоҳ этиш ва ривожлантиришга қаратилган ишлар мисолида кўришимиз мумкин. Узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш бўйича туб ислоҳотлар даври бошланганлиги муносабати билан, таълимда баҳолашнинг халқаро стандартларига қўшилишимиз таълимни янги босқичга олиб чиқди.
2018 йил 8-декабрдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Халқаро баҳолаш дастурлари бўйича бир қатор тадқиқотлар амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, 2021 йилда республикамиздаги умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари PISA халқаро тадқиқотида иштирок этишига эришилди.
Шу ўринда савол туғилади. Хўш, PISA халқаро тадқиқот нима дегани? Бу тушунча 1997 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан мунтазам равишда халқаро қиёсий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида ишлаб чиқилган ва 2000 йилда қабул қилинган. У ўқувчиларни баҳолашнинг халқаро дастури, дунёнинг турли мамлакатларидаги мактаб ўқувчиларининг саводхонлигини ва билимини амалда қўллаш, қобилиятини баҳолайдиган тестдир. Ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган синовда ўқувчиларнинг ёши 15 ёшу 3 ой ва 16 ёшу 2 ой орасида бўлиши керак.
PISA тадқиқотининг 2015-2016 ўқув йилги мавсумида 70 давлатдан 536 мингдан ортиқ 15 ёшли ўқувчилар иштирок этган. Ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражаси баҳоланиб, таҳлил қилинганда Шарқий Осиёда Сингапур, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Европада Финландия, Швейцария, Польша, Эстония ҳамда Нидерландия давлати таълими нисбатан ривожлангани маълум бўлган.
2006 йилда шу тизим асосида Россиянинг 210 та таълим муассасасидан 6366 нафар ўқувчи иштирок этиб, 479 баллни қўлга киритган бўлса, бу синов 2015 йилда ўтказилганда шунча ўқувчи 8 балл ортиғи билан, яъни 487 балл тўплаган.
Жаҳон тажрибасидаги PISA халқаро тадқиқот баҳолаш ишларига тайёргарлик вилоятимизда ҳам бошланди. 1210 та умумий ўрта таълим мактабларининг 10 фоизи, яъни 121 таси танлаб олинади ва рейтинги аниқланади.
Рустам ЙЎЛДОШЕВ,
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
вилоят ҳудудий бўлим бошлиғи.