Мактабда қизлар тарбиясига қандай эътибор берилади?

Мактаб таълим билан бирга тарбия ҳам берадиган даргоҳ ҳисобланади. Аслида шарқда таълим-тарбия биргаликда олиб борилган ва бу анъана асрлар давомида оилада ва таълим даргоҳларида қўлланилиб келинади.
Айниқса, оилада қиз болалар тарбиясига жиддий эътибор қаратилади. Европа давлатларидан фарқли ўлароқ, бизда қизлар ибо-ҳаёси билан қадрланади.
Аммо, кейинги йилларда мактаб ўқувчи қизлари ўртасида фарзанд кўриш ҳолатлари кузатиляпти. Балоғатга етмаган қизларнинг эрта туғруқни бошидан кечириши бир томондан унинг саломатлигига хавф солса, иккинчи томондан никоҳсиз фарзанд туғилиши миллий қадриятларимизга зид бўлиб, шармандали ҳолат ҳисобланади. Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун мактабда ўқувчи қизларга қандай тарбия берилади?
- Биласизми, аслида нотинч оила фарзандлари орасидан ахлоқсиз қизлар чиқади - дейди Тойлоқ туманидаги 58-умумий ўрта таълим мактаби директори Мавсума Мирвафоева. – Гоҳида рисоладагидек оила фарзандида ҳам жинсий ҳаётга мойиллик сезилиб туради. Интернет сабаб баъзида 5-6-синф қизларда эрта уйғониш ҳолати кузатиляпти. Ўқувчи қизларни бошқа нарсага чалғимаслиги, бўш вақтини қолдирмаслик учун дарсдан кейин уларни тўгаракларга жалб этганмиз. Мактабда 270 нафар ўқувчи қизларимиз бўлса, улар билан ҳар ойда турли мавзуларда суҳбатлар ўтказамиз. Бундан ташқари, туман марказий поликлиникасидан ҳар олти ойда 7-11-синф ўқувчиларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиб турамиз. Ўқувчиларнинг тиббий дафтарчасига ҳам тиббий кўрик натижаси қайд этиб борилади. Қизлар билан мунтазам шуғулланиб келганимиз учун ҳам мактабимизда бундай нохуш ҳолатлар учрагани йўқ. Ота-оналар, қолаверса, мактабимиз жойлашган Узунқишлоқ маҳалла аҳли ҳам ҳар томонлама бизга ёрдам беради.
Шу ўринда айтишим мумкинки, мактабимиз битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича туманда биринчи ўринда турамиз. Ўқувчиларимиз фан олимпиадалари, турли кўрик-танловларда ҳам туман ва вилоятда фахрли ўринларни қўлга киритиб келяпти.
Дарҳақиқат, қиз бола оилада шарқона менталитетимиз асосида тарбияланади. Аммо, баъзи оилаларда онанинг чет элга ишга кетиши ёки эр-хотиннинг фарзандлар тарбиясига эътиборсизлиги, ўзаро уруш-жанжаллари фарзандларни назоратсиз қолишига сабаб бўлади. Факт ва рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2024 йилда вилоятда 7 ҳолатда мактаб ўқувчи қизлари томонидан эрта туғруқ аниқланган.
- Қизлар тарбияси билан мунтазам иш олиб борамиз, - дейди мактаб директорларидан бири. – Айниқса, психологим қизларнинг юриш-туришини назорат қилиб боради. Бир куни мактаб психологи менга юқори синф қизларидан бирининг физиологик ҳолати яхши эмаслигини, уни тиббий кўрикдан ўтказиш кераклигини айтди. Қиз боланинг кўринишидан ҳеч қандай ҳомиладорлик аломатлари сезилмаса-да, мактаб психологи қизнинг ҳолатида ўзгаришлар борлигини билдирди. Ўша қизни ноқулай ҳолатга солмаслик учун синфидаги барча қизларни тиббий кўрикка юбордим. Ўша куни психологим шубҳаланган қиз қўшимча дарсимга боришим керак, деб тиббий кўрикдан ўтмасдан кетиб қолибди. Орадан кўп ўтмай кутилмаганда ўша қиз она бўлди.
Аслида оилада қизнинг тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлиб, онаси чет элда эди. Она ҳеч нарса бўлмагандек хориждан келиб, қизини хусусий шифохоналардан бирига ётқизди. Ҳамма жойда ёш қизнинг она бўлгани шов-шув бўлиб кетди. Аммо, қизнинг онаси бу шармандали ҳолатдан уялмади. Биз, мактаб жамоаси эса айб иш қилгандек бошимиз эгилиб қолди.
Афсуски, кейинги пайтларда қизлар тарбиясида жиддий ўзгаришлар кузатиляпти. Тўғри, вилоятда жорий йилда қизларнинг эрта туғиш ҳолатлари аниқланмаган. Аммо, ижтимоий тармоқлар орқали бошқа ҳудудларда бу каби кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлаётганидан хабардормиз. Оилада етарли тарбия олмаган қизларга баъзида мактабдаги тарбия ҳам таъсир қилмаяпти.
Ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ўртасида кўнгилни хира қиладиган бошқа нохуш ҳолатлар ҳам аниқланяпти. Кейинги йилларда мактаб ўқувчилари орасида электрон сигареталарни чекувчилар сони ҳаддан ортган. Таҳлилларга кўра, 30 мингга яқин ўғил болалар ва 9 мингга яқин қизлар чекишга мойил бўлса, 12 минг нафардан ортиқ бола ва ўсмирлар ушбу сигареталарни мунтазам чекиши аниқлаган. Шунинг учун яқинда Олий Мажлис Сенатида электрон сигареталарни олиб келиш, сотиш, чекишга қарши қонун маъқулланди.
Биз бугун болалар тарбияси борасида жиддий ўйлашимиз кераклигини даврнинг ўзи тақозо қиляпти. Хўш, уларни қандай тарбиялашимиз керак, деган савол бугун ҳаммани ўйлантириши лозим. Масалан, япон мактабларида йигит-қизларнинг ишқий-романтик муносабатларига йўл қўйилмас экан. Бу эса турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини оларкан. Бизда ҳам қизларнинг тарбияси борасида алоҳида дастур ишлаб чиқилса ва мактабларда оммалаштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунончи, Абдулла Авлоний айтганидек: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.