«Манеж»га бораётганлар нега камайди?

Аҳмаджон Бобожонов,  Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:

- Шу йилнинг январь ойидан бошлаб аҳолини вакцинация жараёнига жалб қилиш бўйича ишлар бошланган эди. Яъни, аввал хавф гуруҳидаги 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли, кейин ўқитувчи, шифокорлар рўйхати тузилди. Шундан сўнг вакцинация ишлари бошланди.

Тўғри, аввалига аҳоли ҳадик ва бироз иккиланиш билан вакцина олишга келди, баъзилар ҳатто рад қилди ҳам. Аммо тарғибот-ташвиқот ишларининг амалга оширилиши натижасида эмлаш ишлари турли динамикада бўлса-да олиб борилди. Ёз ойларига келиб, касаллик авж ола бошлаганда вакцинага эҳтиёж яна кучайди. Ўзим икки ой давомида "Ковид-марказ"да фаолиятим давомида амин бўлдимки, аввалига, ҳар куни юзлаб беморлар марказга шифо истаб мурожаат қила бошлаган бўлса, вакцинация оммавий амалга оширила бошлагандан сўнг беморлар сони келиши динамикаси кескин пасайди. Бугунги кунга келиб, ушбу марказда амбулатор даволанишга муҳтож беморлар ҳатто 75 фоизга камайди.

Мутахассис сифатида, қолаверса, ушбу марказдаги тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, вакцина олган аҳоли вирусга чалиниш ҳолати кам учрамоқда. Учраса-да, касаллик клиник белгиларсиз, енгил ўтмоқда.