Марказий банк муқобил энергетика маҳсулотлари учун тижорат банклари томонидан берилаётган имтиёзли кредитлар ҳақда маълумот берди
Марказий банк вилоят бош бошқармаси хабарига кўра, қуёш панеллари ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаи воситалари учун банклар томонидан имтиёзли кредитлар берилмоқда.
Тижорат банклари томонидан “Яшил энергия” ишлаб чиқақувчи юридик шахсларга йиллик 19-21 фоиздан (тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси компенсацияси қўлланилса 4,2 фоизгача қоплаш шарти билан), жисмоний шахсларга йиллик 18-20 фоиздан 6 ойлик имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга кредитлар ажратилиши жорий қилинган.
Тижорат банклари томонидан бугунги кунга қадар жами 4 820 кВт учун 47,1 млрд. сўм (шундан, 899 нафар фуқарога 2 334 кВт учун 24,4 млрд. сўм ва 160 нафар тадбиркорлик субъектига 2 486 кВт учун 22,7 млрд. сўм) кредит маблағлари ажратилган. Шунингдек, бугунги кунга қадар вилоятда 366 нафар тадбиркорнинг бино ва иншоотларида ўз маблағлари ҳисобидан 3,2 МВт қуёш панеллари ўрнатилиб, ишга туширилган.
Ўз навбатида, жисмоний ва юридик шахсларга қуёш панелларини қайта сотиш учун тижорат банклари томонидан 2 та тадбиркорлик субъектларига 1,7 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилган.
Бугунги кунда вилоятимизда мунтазам даромадга эга фуқаролар ва самарали фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан қуёш панелларини харид қилиш учун кредитлар ажратишда барча ресурслар етарли даражада сафарбар қилинган. Шу билан бирга, “Яшил энергия” кредит турлари ва шартлари бўйича ушбу ҳавола орқали танишингиз мумкин.