Матбуот хизмати раҳбарлари мақомининг оширилиши – бу катта масъулият

XXI асрга – “Ахборот технологиялари асри” деб бекорга таъриф беришмаган. Бугун дунёни телекоммуникациясиз тасаввур этиб бўлмайди. Компьютер, телефон инсониятни узоғини яқин, мушкулини осон қилиш билан бир қаторда, ахборот алмашиш – маълумот тарқатиш ва олишда муҳим воситага айланди.

Юзага келган улкан виртуал майдондан дунё миқёсида инсониятнинг онг-у шуурини, маънавиятини заҳарлаш мақсадида фойдаланаётган қора кучлар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бугунги ахборот хуружлари замонида виртуал оламдан самарали фойдаланиш, ҳаққоний, холис, тезкор ахборот билан тўлдиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Айни кунларда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари моддий техник базаларини яхшилаш, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланишнинг муаммоли масалаларини ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш бўйича амалга оширилган ислоҳатлар самараси ўлароқ, воқеа-ҳодисаларга холис фикр билдириш, тўғри ёки нотўғри хабарларни фарқлаш борасида фуқаролар ўз позицияларига эга бўлишмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори соҳада амалга оширилаётган ислоҳатларнинг мантиқий давоми бўлибгина қолмай, фуқароларнинг сиёсий онгини оширишда муҳим қадамлардан бири деб биламан.

Шу ўринда, ушбу қарор давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида таҳсинга сазовордир.
Қарорнинг 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот ходимлари куни байрами арафасида қабул қилиниши соҳа ходимлари учун чинакам совға бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Унга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлиши, соҳа ходимларидан катта масъулият талаб этади. Чунки ахборот хизмати раҳбари энди нафақат ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот тарқатиши балки жамиятда юз бераётган сиёсий жараёнларга муносабат билдира оладиган чуқур билимга эга ходим бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, ахборот хизматлари ходимларига, бошқа тўловлардан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ойлик устама тўланиши соҳа ходимларининг масъулият билан ишга ёндашишга чорлайди.

Бахтигул Қаршиева,
O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.