Мазлумнинг дуоси

Бир қашшоқ балиқчи катта балиқ тутиб, хурсанд бўлиб кетаётса йўлидан зўравон безори чиқиб балиқни унга беришини сўрабди.
Балиқчи бу балиқни сотиб, болаларига ейиш учун харажат қилишини, болаларини очлигини айтибди. Аммо зўравон куч ишлатиб балиқни тортиб олибди.

Балиқчи оч болалари учун қанча ялиниб, ёлвормасин муштумзўр безори пинагини бузмасlан балиқни олиб жўнаб кетибди. Йўлда балиқ типирчилаб, тўрдан пастга тушиб кетибди.

Безори балиқни тутиб, қайта тўрга жойлаштираётган маҳал балиқ бош бармоғини жароҳатлабди. Бунга эътибор бермаган золим одам уйига келиб, ҳеч нарсани ўйламай балиқхўрлик қилибди.

Жароҳатланган бармоғи туни билан унга уйқу бермай, қаттиқ оғриб чиқибди. Оғриққа чидамаган одам эртасига табиб ҳузурига борибди.
Табиб жароҳат жиддийлиги, яъни бу гангрена (чириш) касаллиги экани, агар бармоқни кесиб ташламаса касаллик бутун қўлга ўтишини айтибди.

Бармоқни кесиб ташлабди. Оғриқ тўхтамабди. Табиб қўлни тирсагигача кесиб ташлабди. Оғриқ барибир тўхтамабди. Бир қўлни елкагача кесиб ташлабди...

Оғриқдан изтиробда қолган одам илмли донишманд ҳузурига борибди. Донишманд воқеани негизигача суриштириб билибди ва дебди:

- Сен зудлик билан балиқчини излаб топ. Сенинг дардинг унинг норизолигида. Тез узр сўраб, балиқчини рози қилмасанг дардингга даво тополмайсан.

Золим балиқчини излаб топибди. Унинг оёқларига йиқилиб, узр сўрабди, бўлган ҳодисани айтиб берибди. Балиқчи у одамни кечирибди.
Шунда у одам балиқчидан сўрабди:

- Сендан балиқни тортиб олган куним мени қарғаганмидинг?

Балиқчи шундай дебди:

- Йўқ, аммо Аллоҳга "У билакларидаги кучи билан менга зўравонлик қилди. Менинг кучим етмади, мен бу ишни сенга топширдим", деб кўзларимда ёшим билан уйга оч болаларим олдига қуруқ қўл билан қайтгандим.

Бир қўлидан айрилган одам фарёд қилиб йиғлабди, аммо энди кеч...