МДҲ доирасида имконияти чекланган болалар спартакиадаси ўтказилади

Бу ҳақда бугун Самарқанд шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида маълум қилинди.

Ҳамдўстлик давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида саломатлик нуқтаи назаридан имконият чекланган болалар ўртасида спартакиада ўтказишга қарор қилинди.

Мазкур мусобақалар тўрт йилда бир марта ўтказилади ва дастлабки спартакиада 2024 йилда Россия Федерациясида ташкил этилиши белгиланди.

Йиғилиш қатнашчилари 2018 йилда МДҲ мамлакатлари спортчилари ўртасида олимпия спорт турлари бўйича спартакиада ўтказиш ташаббуси илгари сурилиб, 2021 йилда бу беллашувлар илк бор Қозон шаҳрида муваффақиятли ўтказилганини қайд этди. Бу йил мазкур мусобақалар Беларусь Республикасининг ўндан ортиқ шаҳарларида ўтказилади. Шу муносабат билан Минск шаҳри 2023 йилда ҳамдўстликнинг спорт пойтахти деб эълон қилинди.