“МДҲнинг маданий пойтахти” мақоми Самарқанддан Лочинга ўтди
МДҲ раҳбарлари келишувига асосан 2024 йилда Самарқанд шаҳри “МДҲнинг маданият пойтахти” мақомида эди.
Мазкур лойиҳа доирасида йил давомида Самарқанд шаҳрида МДҲ мамлакатлари халқлари ўртасидаги дўстлик ва яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Маданият ва санъат намояндаларининг қадимий кентга саёҳатлари, улар иштирокида ижодий кечалар уюштирилди.
Вилоят мусиқали драма театрида мазкур лойиҳанинг Самарқандда ёпилиши маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов, МДҲга аъзо давлатлар Гуманитар ҳамкорлик давлатлараро фонди ижрочи директори Анатолий Иксанов, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Сиёсий, гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари Халмат Рашидов иштирок этди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигига Ҳамдўстлик маданият пойтахти лойиҳасини муносиб давом эттиргани учун миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг “МДҲнинг маданий пойтахти” мақоми Озарбайжоннинг Лочин шаҳрига тантанали топширилди. Унвонни тасдиқловчи сертификатни Озарбайжон Республикаси Президентининг Лочиндаги махсус вакили Масим Мамедов қабул қилиб олди.
Тадбир доирасида МДҲ ёшлар оркестрининг концерт дастури намойиш этилди.