Меҳнат кодексига ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартибини ўзгартиришни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда

Ушбу тартиб Президент томонидан 2025 йил 13 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунда белгиланди.
Унга кўра, Меҳнат кодексига "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат мажмуида электрон шаклдаги меҳнат шартномасини расмийлаштириш тартибини жорий этишни, иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигини белгилаш тартибини ва ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартибини ўзгартиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилади.
Давлат органлари ва ташкилотларида ишга қабул қилиш чоғида шахснинг паспорти ёки ID-картасини, меҳнат ва пенсия дафтарчасига оид маълумотларни талаб қилмасдан, мустақил равишда, шу жумладан ахборот тизимларидаги идоралараро интеграциялашув платформалари орқали сўраб олиш белгиланди.