Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 50 минг этиб белгиланмоқда
Фуқароларга пенсия таъминлашда ва етказиб беришда қулай шароитлар яратилмоқда. Ҳар ойнинг дастлабки кунларидаёқ, пенсиялар, нафақаларнинг эгаларига етказиб берилаётгани инсон омилига эътибор, унинг қадр-қимматининг ошиб бораётганидан далолат беради.
Иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар миқдорининг ошириб борилаётгани эса фуқаролар турмуш фаровонлигининг яхшиланишига хизмат қилаяпти.
Кейинги ойларда одамлар ўртасида иш ҳақи, пенсиялар, нафақаларнинг навбатдаги оширилиши қачон амалга оширилиши ҳақида саволлар пайдо бўлганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 17 ноябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Фармони асосида бундай саволларга тўлиқ жавоб топиладиган бўлди.
Фармонга кўра, жорий йилнинг 1 декабридан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар 7 фоизга ошириладиган бўлди. Пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори 372 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори 725 минг сўм, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 50 минг этиб белгиланмоқда.
Президент фармони натижасида 4,5 миллион нафар фуқаронинг пенсияси ва нафақалари миқдори кўпаяди. Бу 2023 йил ҳисобидан иккинчи марта иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг оширилиши бўлади. Умумий ҳисобда эса йил мобайнида 14,5 фоизга оширилгани эътиборлидир.
Фазлиддин Жабборов,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлимининг бошлиғи.