“Меҳробдан чаён” асарини неча марта ўқигансиз? "Ўткан кунлар"ни-чи?

Кеча Самарқанд вилоят рус драма театрида “Абдулла Қодирий – ўзбек адабиёти хазинасидан” мавзусида маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Каримберди Тўрамурод залдаги ёшларга шундай мурожаат қилди.

– Эсингиздами, Раъно узатилаётган пайтда неча ёшда бўлган? 17 ёшда. Ўн етти ёшли қизни Абдулла Қодирий шундай таърифлайди: “Раъно Нигор ойимнинг тўнғучи, бу йил ўн етти ёшни тўлдурадир. Саводни отасидан ўқуб, ўн тўрт ёшида ибтидоий мактаб прўғрамида бўлған барча дарсларни битирган, масалан: диний қисмдан – “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Чаҳор китоб”, “Сўфи Оллоёр”, “Маслаки муттақин”, адабиётдан – Навоийнинг барча асарлари, девони Фузулий маъа Лайли Мажнун; Амирий, Фазлий ва шулардек чиғатой-ўзбек катта шоирларининг асарлари; форсийдан – Хожа Ҳофиз Шерозий ва Мирзо Бедил, хусни хат, иншо ва бошқалар”. Эътибор беряпсизми, ўн етти ёшли қиз Қуръони каримни ёддан билган, мумтоз адабиётимизни пухта ўрганган. Чор Россияси босиб олгунча ота-боболаримиз саводсиз бўлмаган, аммо тарих бизга шундай кўрсатилди. Тарихимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни англаб етиш учун “Меҳробдан чаён”, “Ўткан кунлар” асарларини ёшларга беш мартадан ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардим. Шунда ёшлар адибнинг ўзбек адабиёти хазинасига қанча фойда келтирганини тушуниб етади.

Тадбирда Абдулла Қодирийнинг мураккаб ва таҳликали ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирилди. Сўнгра вилоят мусиқали драма театри томонидан саҳналаштирилган “Меҳробдан чаён” романидан парча қўйилди. Саҳна кўриниши ўша даврнинг маданияти, урф-одатлари ва одамларининг табиатини очиб бера олган. Бевосита ўша даврга тушиб қолгандек ҳис этасиз ўзингизни.

Кейинги саҳна кўриниши режиссёр Аҳматулло Ниязов томонидан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида саҳналаштирилган бўлиб, уни вилоят рус драма театри ижодкорлари маҳорат билан ижро этишди. Ушбу саҳна кўриниши рус тилида бўлиб, ёшларда катта таассурот қолдирди.

Шу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларимиз тарбиясига ижобий таъсир қилади, албатта. Бироқ, тадбирга жуда кам ёшлар қатнашди.