МИБ: Жўйисойдаги ноқонуний бинони бузиш масаласида 4 марта огоҳлантириш, икки марта жарима қўлланилган, ижро ҳаракати давом этмоқда
Аввалроқ сайтимизда қурилиш вазирлиги маълумотларига асосланиб, “Ўтган йили бузилиши керак бўлган бино бузилмасдан қаҳвахона қилинди” сарлавҳали хабар берилганди. Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси масала юзасидан ўз муносабатини билдирди.
“Аниқланишича, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг 2022 йил 6 июндаги суд ҳужжатига асосан Ф.Х. томонидан Самарқанд тумани “Жўйисой” МФЙ ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган уй-жойда ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда қурилган 12 қаватли бино (меҳмонхона)ни жавобгар ҳисобидан буздириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Бўлим томонидан 2022 йил 31 августда ижро иши қўзғатилиб, қарор нусхаси томонларга юборилган. Қарздорга ижро ҳужжатининг ижросини ихтиёрий равишда таъминлаши учун тегишли тартибда муддат берилган.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича қарздор Ф.Х.га 2022, 2023 йилларда жами тўрт марта огоҳлантириш хатлари берилган. Ижро ҳужжатида кўрсатилган талаблар бажарилмаганлиги сабабли қарздорга нисбатан давлат ижрочисининг 2023 йилдаги қарорига кўра 1 800 000 сўм маъмурий жарима жазоси қўлланилган ва жарима суммаси қарздордан ундириб олинган.
Ушбу ижро ҳужжатининг мажбурий ижроси 2023 йил 6 мартда тайинланган бўлиб, ижро ҳужжатида кўрсатилган Самарқанд тумани “Жўйисой” маҳалласига борилиб, ижро ҳаракатларини амалга ошириш имкони бўлмаганлиги сабабли қарздорга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриш учун иш материаллари жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судига юборилган. Қарздор Ф.Х.га нисбатан 2023 йил март ойида 2.100.000 сўм иккинчи маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Шунингдек, бюронинг Самарқанд туман давлат ижрочиси томонидан жорий йил 12 май куни ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга борилиб, ҳолат кўздан кечирилган. Бино-иншоот қарздор томонидан бузилмаганлиги тўғрисида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб огоҳлантириш хати берилганлиги ва келгусида ушбу бино-иншоот қарздор томонидан бузилмаган тақдирда тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиши тўғрисида расман огоҳлантирилган.
Келгусида ушбу бино-иншоотни бузиш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари давомида махсус техникалар, жумладан, 2 та “XMJ” (150 тн) крани, 1 та “ZooLoom” автокрани ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус ишчи гуруҳлари ҳамда баланд бинода ишлаш учун мутахассислар жалб этилиши зарур бўлиши маълум қилинади”, дейилади бюронинг Самарқанд вилоят бошқармаси хабарида.