Миллионер отахонлар

Каттақўрғоннинг Қирғиз маҳалласи одамлари асосан томорқада меҳнат қилишади – деҳқон, боғбон, тадбиркор кишилар. Ва бу меҳнатлари ортидан рўзғорлари обод, руҳи тетик, соғлом. Энг муҳими, доимий даромадга эга.

Ҳеч бир оилада бекорчи одам йўқ. Катталарнинг ҳам, ёшларнинг ҳам ўз юмуши бор. Меҳнатга ўрганган одам, кам бўлмайди, дейишади улар.

Ҳатто, оилаларнинг ёши улуғ кишилари ҳам томорқа юмушлари билан банд бўлишар экан.

Мана бу отахонлар – Сирожиддин ака ва Иззатилла ака девор дармиён қўшни. Икковлари ҳам 70 ёшни қоралаган бўлса-да ҳамон тиниб-тинчимайди, оёқ узатиб ўтиришни ўзларига эп кўришмайди.

Бири асли ўқитувчи бўлса-да ота касби деб, асаларичилик билан шуғулланади. Иккинчиси эса 9 сотих томорқасидан эрта баҳордан кеч кузгача барака йиғиштиради. Йил бўйи деҳқончилигу боғбонлик билан ризқ яратиб, кексалигини ҳам унутади.

-  Томорқамнинг 6 сотихига нок экканман, - дейди Иззатилла Ҳосилов. Ноклар орасида малина, шунингдек, қулупнай, картошка, пиёз, помидор, дегандай рўзғорга керакли сабзавотлар етиштираман. 6 туп гилосдан ҳам ҳар йили яхши ҳосил оламан. Шу 9 сотих томорқадан 20 миллион сўмгача даромад қиламан.

Асаларини бежизга етти хазинанинг бири, дейишмайди. Бу ҳашоротнинг фойдаси катта. Унинг асали, заҳри, прополиси, гулчанги кўпгина касалликларга даво. Сирожиддин Саидаҳмедов шунинг учун ҳам асларичилик билан шуғулланади. Йилига камида 100 миллион сўм даромад қилади.

- Хонадонимизга асаларини 1963 йилда раҳматли отам олиб келган эди, - дейди С.Саидаҳмедов. – Ўшанда етти ёшда эдим. Шундан бери асаларичилик билан шуғулланиб келаман. 20 дан зиёд шогирдлар тайёрладим. Уларнинг энг кичиги 15 ёшда. Шогирдларим орасида 85 ёшли отахон ҳам бор. Ўтган йили 110 дан зиёд асаларилар оиласидан 1 тонна 300 килограм асал олдик. Бу йил 155 оилаасалари боқаётган бўлсак, 2 тонна асал олишни режалаштириб турибмиз.

Сирожиддин ака фақат асалдан эмас, балки асаларилар оиласини кўпайтириб сотиш орқали ҳам мўмай даромад топмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.