Абонентларга рақамларини сақлаган ҳолда ўзлари хоҳлаган мобил алоқа оператори хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди
Бугун, 27 октябрь куни “ICTWEEK UZBEKISTAN – 2023” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси мобиль алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш хизмати (MNP) ишга туширилди.
Бунинг қулайлиги шундаки, эндиликда абонентлар мобиль алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш сифатига қараб исталган компанияни танлаши мумкин.
Бу жараёнда мобил алоқа абонентларига улар бошқа операторга кўчганда ўз абонент рақамини сақлаб қолиш имконияти тақдим этилади. Бу рақам йўқотилишининг олдини олади ҳамда алоқа операторлари томонидан рақам ресурсларидан янада оқилона фойдаланилишига хизмат қилади.
Мобиль алоқа абонентларига ўз мобил рақамларини сақлаган ҳолда ўзлари хоҳлаган мобиль алоқа оператори хизматларидан фойдаланиш имкониятининг тақдим этилаётгани хизматнинг энг қулай томонидир.
Дастлабки босқичда жисмоний шахслар ўзи ўтишни хоҳлаган мобил алоқа оператори офисига ташриф буюрган ҳолда мурожаат этади ҳамда мобиль рақами кўчирилган янги сим картани олиб кетади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Beeline, Mobi.uz, Ucell, UZTELECOM, Humans мобиль алоқа операторлари фаолият кўрсатади. Улар томонидан мижозларга мобил алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Агар хизматдан фойдаланиб, мобиль алоқа оператори ўзгартирилса, кўчирилган рақамлар ўз шаклини ва кўринишини сақлаб қолади.