Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAuto Motors” найрангларини фош қилди. Реклама харажатлари ҳам истеъмолчидан ундирилмоқда
Депутат Расул Кушербаевнинг ёзишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UzAuto Motors” АЖ фаолиятини текшириш жараёнида қуйидаги қонунбузилиш аломатлари аниқланган:
Биринчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда нормаланадиган харажатларни, яъни бутловчи қисм ва материаллар нархини ошириб киритиш;
Иккинчидан, АЖ томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда ўтган йилнинг 9-ойлик ҳисобот кўрсаткичлари инобатга олиш оқибатида нормаланмайдиган харажатларнинг ошиши;
Учинчидан, АЖ томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда реклама харажати ва бошқа харажатлар асоссиз киритилишининг нархга таъсири;
Тўртинчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда кредитга боғлиқ харажатларнинг нотўғри киритилиши каби омиллар нарх юқори шаклланишига сабаб бўлган.
Бундан ташқари, енгил автомобилларни истеъмолчиларга реализация қилишда айрим дилерларга бошқаларига нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёз ва енгилликларни бериш, янги ташкил этилаётган дилерлар билан шартнома тузишда шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни қўйиш каби ҳолатларни содир этиш аломатлари аниқланган. Бу қисқа муддатда сотилган автомобилларнинг аксарият қисми кам сонли айрим дилерлар орқали сотилишига сабаб бўлган.
Яна бир масала: “UzAuto Motors” АЖ янги ташкил этилаётган дилерлик марказлари билан тузиладиган дилерлик шартномасига 10 млрд сўм миқдорида олдиндан тўлов ўтказиш шартини киритган бўлиб, бироқ шу кунга қадар амалда ишлаб турган дилерлик марказлари билан тузилган шартномаларда бундай шартлар мавжуд эмас. Бу ўз ўрнида янги иштирокчиларнинг “бозор”га кириб келишида сунъий тўсиқ пайдо қилган.
Яна бир қизиқ ҳолат шундаки, махсус акцияга тушган автомобилларни муддатли тўлов асосида сотишни “UzAuto Motors” АЖ ўзи таъсисчилигидаги “Autosanoat Invest” МЧЖ орқали амалга ошириш тизимини шакллантирган. Бунда бошқа дилерлар тўғридан-тўғри бу ишни амалга ошира олишмай, сунъий тўсиқ қўйилган.
Бу ҳолатлар атрофлича муҳокама этилди. “UzAuto Motors” АЖ бу важларни тан олмай қўшимча ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, иш мазмунига таълуқли материалларни тақдим этишини билдириб ўтди. Шу сабабли ишни кўришни яқин кунларда давом эттиришга қарор қилинди.