Муаллифлик ҳақидан қанча солиқ тўланади?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 395-моддасига мувофиқ, илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тарзида даромад олувчи солиқ тўловчилар бундай фаолиятни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

🔹 Ушбу моддага мувофиқ, даромадларига солиқ солинадиган солиқ тўловчилар солиқни солиқ органининг ёзма хабарномаси асосида тўлайди.

🔹 Илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи олаётган солиқ тўловчи даромадлар олиш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт ҳамда у ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, ҳақиқатда сарфланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириш ҳуқуқига эга, лекин чегирма олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак.

❗️ Ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларга қуйидагилар киради:

👉 илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур материаллар сотиб олишга доир харажатлар;

👉 фақат илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, нашр қилиш, ижро этиш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш мақсадида фойдаланиладиган бино ва мол-мулк ижарасига доир харажатлар.

Умид АЛИМОВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими.